Ўзбекистон | 19:24 / 13.07.2023
8137
7 дақиқада ўқилади

Кутаётган юзлаб ёшлар – “Эл-юрт умиди” жавоблари нега бир ойдан бери эълон қилинмаяпти?

“Эл-юрт умиди” жамғармаси бу йилги 1-стипендия танлови учун охирги суҳбат имтиҳонини 14 июн куни ўтказган. Орадан бир ой ўтган бўлса-да жавоблар эълон қилингани йўқ. Одатда натижалар имтиҳон олинган куннинг ўзида чиққан. Жавоблар кечикаётгани учун халқаро университетларга кирган айрим ўқувчиларнинг қабул таклифи куйиб кетаётгани айтилмоқда.

Фото: KUN.UZ

“Эл-юрт умиди” жамғармаси Топ-300таликда турган хорижий университетларга қабул қилинган талабаларга ўқиш пулларини тўлашда кўмаклашиб келади. Бунинг учун жамғарма ҳар йили 3 маротаба стипендия танловларини ўтказади. 2023 йил учун 1-стипендия танловига ҳужжат топшириш апрел-май ойларида бўлиб ўтиб, сараланганлар 13 май куни тест имтиҳонидан ўтган. Учинчи босқич суҳбат эса 22 майдан 14 июнгача ўтказилган. Орадан бир ой вақт ўтган бўлса ҳам, ҳали жавоблар эълон қилинмаган.

Аросатда қолдирилган ёшлар

Kun.uz таҳририятига айнан шу мавзуда ўнлаб ўқувчилардан мурожаатлар келиб тушган. Талабгорлар жавоблар кечикаётгани шаффофликка таъсир қилиши, уларга хорижий олийгоҳлардан келган таклифлар бекор бўлиб кетаётганидан хавотирда.

Мурожаатчиларнинг айтишича, олдинги йиллар суҳбат натижалари суҳбатдан ўтган куннинг ўзида ёки эртаси куни эълон қилинган. “Аммо бу йилги танловда бу амалиёт негадир тўхтатилди. Жамғармадан жавоб бўлмагач, баъзи номзодларга таклиф берган хорижий университетлар таклиф хатини бекор қилиб юборган. Биз учун ҳар сония ғанимат”, – дейди талабгор талабалардан бири.

Мурожаатчиларнинг сўзларига кўра, жавоблар кечиктирилиши хорижий олийгоҳлардан қабул хати олганлар учун бир қанча ноқулайлик келтириб чиқаряпти.

“Бу кечикиш иштирокчиларнинг ўқишга кетиш учун оладиган виза ва бошқа ташкилий масалаларини орқага сурмоқда. Ўзи кўп номзодлар Америкадаги олийгоҳларга топширади. Бунақа кетишда Америкага виза олишга ҳам кечикиб кетамиз. Кечиксак, бизни баҳорги семестрга ўтказиб юборишади. Бу ҳам ярим йил йўқотиш бўлади биз учун. Агар танлов жараёни бунчалик катта муддатни талаб қилса, унда танловни эртароқ бошлаш, номзодларни аниқ ва етарлича маълумотлар билан таъминлаб бориш керак эди”, – дейди бошқа талабгор.

Яна бошқа бир талаба ҳам худди шундай эътироз билан мурожаат қилган.

Ҳали виза билан боғлиқ муаммолар бор. Турли давлатда виза чиқиш муддати ҳар хил, энг қийини АҚШ. Бошқа давлатларга ҳам ўртача виза чиқишини кутиш муддати 3-4 ҳафта. Орамизда ўқиши 10 августдан бошланадиган талабгорлар ҳам етарлича ва улар катта эҳтимол билан энди ўқиши кейинги йилга қолиб кетиши мумкин. Ёки стипендиант бўла туриб ҳам кетолмай қолиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас”, – дейди у.

Ҳужжат топширганлардан яна бири аросатда қолганини, жамғарма жавобларини кутиш ёки кутмасликка иккиланаётганини айтяпти.

Менинг ўқишим сентябрда бошланиши керак. Университетлар бизга депозит тўлаш ёки ўқишдан четланишимиз ҳақида хабарлар ҳам юбормоқда. Агар “Эл-юрт умиди” ўхшамаса, бошқа вариантларни ҳам кўришим керак. Бошқа олийгоҳга депозит сифатида тўлов қилсам-у, жамғармада ҳам грант ютган бўлса, депозитим куйиб кетадими? Ёки жамғармага ишониб, бошқа жойга тўлов қилмай турсам, жамғарма грант ажратмаса-чи? Бир йилим куйиб кетадими?” – дейди у.  

Ёшлар ишлари агентлигига мурожаат

Жамғарма грантига талабгор бўлган бир гуруҳ ёшлар Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаевга ҳам мурожаат қилишганини айтишди. Агентлик вакиллари эса бу уларнинг ваколат доирасига кирмаслигини маълум қилган.

“Бир гуруҳ ёшлар бўлаётган муаммога бефарқ бўлмасликлари ва бизга ёрдам беришларини сўраб мурожаат қилганимизда агентлик ходимлари бу уларнинг муаммолари эмаслиги ва уларга мурожаат қилмаслигимиз кераклигини айтди. Ваҳоланки ушбу ташкилот айнан ёшларнинг муаммоси билан шуғулланиши керак эмасми?” – деб эътироз билдиради бир талаба.

“Ҳужжатни тепага юборишган экан”

Ёшлар бир неча марта жамғарма билан боғланишга ҳаракат қилгани, лекин аниқ жавоб олмаганини айтиб ўтди.

“Биз натижаларни тайёрлаб бўлганмиз, тепага юборганмиз, улар тасдиқланишини кутяпмиз, дейишяпти. Шунчаки тасдиқловчи муҳр ёки имзо шунча вақт олади деб ўйламайман, нечта одам мўлтиллаб буни кутаётганини биласизми?” – дейди бир талаба.

Бошқа бир талабанинг қўшимча қилишича, жамғармага оид саволлар учун кўрсатилган телефон рақамлари билан ҳам кўп ҳолларда боғланиб бўлмайди.

“Телефонга жавоб берган қизлар ҳеч қанақа саволга жавоб бера олмайди. Бу йил ҳам васийлик кенгаши жавобини кутяпмиз дея ҳатто суҳбат натижаларини ҳам очиқлашмади”, – дейди у.

Жамғарма изоҳи

Kun.uz ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида жамғарма матбуот хизмати билан боғланди. Уларнинг изоҳига кўра, суҳбат жараёни натижалари танлов комиссияси томонидан жамғарма васийлик кенгашига тасдиқлаш учун киритилган. Бу тасдиқ кечикканига сабаб қилиб 9 июлда ўтган президентлик сайлови кўрсатиляпти. Яъни сайловга тайёргарлик ишлари туфайли жамғарма васийлик кенгаши аъзолари йиғилишни ташкил этишга имкони бўлмаган.

Шу ўринда бир савол туғилади. Сайлов имтиҳондан қарийб 1 ой кейин бўлди. Шундай экан, танлов олдинроқ ташкиллаштирилиши керак эмасмиди? Жамғарма Маразий сайлов комиссиясига тегишли ташкилот бўлмаса, нега сайлов бу ташкилот ишини кечиктирган деган савол ҳам очиқ оляпти.

Шунингдек, расмий муносабатда жамғарма низомда кўрсатилган муддатга кўра иш тутаётгани ҳам маълум қилинган. Яъни жамғарманинг 2023 йилги 1-стипендия танлови суҳбат жараёнларининг сўнггиси жорий йилнинг 14 июнь куни якунига етган. Низом бўйича жамғарма саралаш танлови натижаларини тасдиқлаш қарори танлов ўтказилгандан сўнг 1 ой муддат ичида эълон қилиниши керак.

Ҳозир 13 июл эканини ҳисобга олсак, низомда кўрсатилган муддат бугун тугайди. Жамғарма эса натижаларни бугун ёки эртага ҳам эълон қилмоқчи эмас.

“Яқин 3-4 кун мобайнида Жамғарма Васийлик кенгашининг танлов натижалари юзасидан йиғилиши ташкил этилиши режалаштирилган”, – дейилади расмий муносабатда.

Ўтган йили жавоблар суҳбатдан кейин 1-2 кунда эълон қилиниб, нега бу йил чўзилгани масаласига жамғармадан тайинли жавоб ололмадик. Бундан ташқари, жамғарма натижаларни кечиктиргани учун номзодлар олдида ҳисобдор эканини унутмаслиги керак.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиантлар грантларини тўлаб бериши билан боғлиқ муаммоли вазият юзага келганди

Мавзуга оид