Жамият | 13:51 / 15.07.2023
22376
4 дақиқада ўқилади

“Одамларнинг бизга нисбатан муносабатидан баъзан дилим оғрийди” – чиқинди юкловчи ҳикояси

“Орамиздаги одамлар” туркумидан бериб борилаётган кўрсатувимизнинг бу галги қаҳрамони фарғоналик Исмоил Қорабошев. У шу касби ортидан 3 фарзандни улғайтирмоқда. Одамлар жирканадиган касб эгаси бўлиб қолишига сабаб ёшлигида ўқимагани деб билади.

“Чиқинди юкловчи бўлиб иш бошлаганимга анча бўлди. Айниқса ёз фаслида чиқиндининг ҳидига чидаб ишлаш қийин. Бошқа фаслдан кўра ёзда мевалар пишган пайт улардан чиққан пўчоқлар кўпаяди. Шунинг учун ҳам корхонамизга кўпчилик айни иш йўқ пайтида – қиш фаслида ишга кириб, яна кунлар исиди дегунча бошқа жойга иш ахтариб кетишади. Ёшим ҳам бир жойга бориб қолди. Тирикчилик учун ҳам қишин-ёзин ишимни ўзгартирмайман.

Иш қилаётган пайтимизда уст-бошимиз кирлиги ва чиқинди ҳиди сабаб одамлар ёнимизга яқинлашмайди. Чиқиндисини узоққа қўйиб кетишади. Ўзимиз олиб келиб машинага ортамиз. Уларни тўғри тушунамиз. Лекин баъзида ҳолатдан дилимиз оғрийди. Биз ҳам одаммиз-ку.

Қисмат экан. Шундай кунлар ҳам бўладики, қорнимиз очиб ошхонага тушлик қилиш учун кирсак, емакхона хўжайини бизни ҳайдаб солади. Шундай пайтда хўрлигим келиб кетади. Айбимиз одамларнинг чиқиндисини йиғиштириб кийимимизга бадбўй ҳид ўрнашиб қолгани.

Баъзи бир ошхоналарда эса бизни тўғри тушуниб тушлик қилишга рухсат беришади. Бундай вазиятда “айбимиз” борлигини ҳис қилиб тезроқ овқатланиб тамаддихонадан тезроқ чиқиб кетишга ҳаракат қиламиз. Одамларга озор етмасин деймиз.

Чиқинди машинасини қўярга бошқа жой йўқлигидан вақтинчалик дўкон ёки бирор ташкилот қаршисига қўйсак, ходимлари чиқиб дағдаға қилишади.

56 ёшни қарши олдим. 1 млн 200 минг маош оламан. 3 фарзанднинг отасиман. Икки ўғлимни уйлаб, қизимни чиқардим. Турмуш ўртоғим жигар циррози билан оғрийди. II гуруҳ ногирони. Топган пулим дори-дармонга кетади. Озиқ-овқатга етказишим қийин. Турмуш ўртоғимнинг ногиронлик нафақаси дорисидан ортмайди.

Чиқинди машинасига икки киши бўлиб юк ортамиз. Ҳайдовчи машинани бошқарса, биз чиқинди ортамиз. Деярли 24 соат ишлаймиз. Ишдан чиқиб уйга бориб овқатланиб озгина мизғиб оламан. Товуқларимга дон бераман, экинларимни суғораман.

Осон ишнинг ўзи йўқ. Пенсияга ҳам оз вақт қоляпти. Ишлаш керак. Ўғилларим кеча-ю кундуз чиқиндихоналар тозалаб юрганимни кўриб бу ишда ортиқ ишламаслигимни илтимос қилишади. Инсон ҳаракат қилиши керак. Шукрки, қора қозонимиз қайнаб турибди. Доим бўлмаса ҳам икки ҳафтада бир гўшт сотиб олиб еймиз.

Юк ортаётганимизда қимматбаҳо машиналардан башанг кийинган одамлар тушиб чиқиндисини ташлаб кетишади. Тўғриси уларга ҳавас қиламан. Ёшлигимда имконият бўла туриб ўқиб олий маълумотли бўлмаганимдан афсус чекаман.

Байрам кунлари қолганларга дам олиш куни бўлса-да, биз ишлаймиз. Байрам кунлари чиқиндилар бошқа кунлардан кўра тўлиб-тошиб кетади. Ҳар қандай қийинчилиги, ноқулайлиги бўлса ҳам ўз ишимни севаман. Насиб қилса пенсияга чиққунимча чиқинди юклайман”.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Боймирза Халилов

Мавзуга оид