Ўзбекистон | 11:06 / 15.07.2023
3554
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда мактабгача таълимни ривожлантириш халқаро минтақавий маркази очилади

Фото: Мактабгача таълим вазирлиги

Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари – Мактабгача таълим агентлиги директори Агриппина Шин ҳамда ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади, Париждан ташриф буюрган ЮНEСКО тадқиқот миссияси ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда томонлар Тошкентда ўтказилган «Кичик ёшдаги болаларга ғамхўрлик ва таълим бериш бўйича Бутунжаҳон конференцияси» доирасида Ўзбекистон президентининг ЮНEСКО шафелигида 2-тоифали минтақавий марказни очиш бўйича берган таклифини амалга оширишга қаратилган масалаларни кўриб чиқди.

Шунингдек, томонлар жаҳон конференцияси давомида ЮНEСКОга аъзо давлатлар томонидан қабул қилинган ЮНEСКО Тошкент декларациясига киритилган шартларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашди.

Агриппина Шин томонидан Ўзбекистонда ташкил этилиши кутилаётган 2-тоифали минтақавий марказга мактабгача таълим билан биргаликда, мактаб ва олий таълимни ривожлантириш масалалари киритилиши лозимлиги тўғрисидаги таклиф тақдим этилди.

Йиғилишнинг асосий қисми ҳудудий марказни очиш бўйича келгусидаги ҳаракатларни муҳокама қилишга қаратилди. Мазкур марказни очиш учун техник-ҳуқуқий шарт-шароитларни тайёрлаш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид