Ўзбекистон | 10:15 / 15.07.2023
6332
2 дақиқада ўқилади

«Тўмарис издошлари» гуруҳлари аъзолари айрим ОТМга тестсиз ўқишга кириши мумкин

"Тўмарис издошлари" жамоавий гуруҳлари аъзолари ҳуқуқ-тартибот органлари олий таълим муассасаларига якка тартибдаги суҳбатсиз (тестсиз) ўқишга кириши мумкин.

Фото: KUN.UZ

Қонунчиликка кўра, “Тўмарис издошлари” жамоавий гуруҳлари республиканинг барча туман (шаҳар)ларида 2 нафардан (криминоген вазият оғир бўлган туман (шаҳар)ларда 3 нафардан) ички ишлар органлари хотин-қизлар масалалари бўйича бўлинмалари ҳузурида шакллантирилади.

“Тўмарис издошлари” жамоавий гуруҳлари аъзолари бир йил давомида ўқиш ва иш жараёнига салбий таъсир этмаган ҳолда умумий 360 соат вақт мобайнида фаолият олиб боради.

Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга муносиб ҳисса қўшган "Тўмарис издошлари" жамоавий гуруҳлари аъзолари Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғининг тавсияномасига асосан ҳуқуқ-тартибот органларининг олий таълим муассасаларига саралашнинг барча босқичларидан муваффақиятли ўтганидан сўнг якка тартибдаги суҳбатсиз (тест синовларисиз) квота асосида ўқишга кириши мумкин.

Бунда тавсиянома берилган номзодлар сони белгиланган квотадан кўп бўлса, уларни ўқишга қабул қилиш танлов натижалари бўйича тўпланган баллардан келиб чиқиб, ажратилган қабул квоталари доирасида кетма-кетлик тартибида тақсимланган ҳолда амалга оширилади.

“Тўмарис издошлари” жамоавий гуруҳларини шакллантириш ҳамда гуруҳларнинг фаол аъзоларига ҳуқуқ-тартибот органларининг олий таълим муассасаларига имтиёзли ўқишга кириш учун тавсиянома бериш Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг ҳамкорлигида амалга оширилади.

Мавзуга оид