Жаҳон | 22:42 / 15.07.2023
16449
2 дақиқада ўқилади

Украина қарши ҳужумнинг илк ҳафталарида ҳарбий техниканинг 20 фоизини йўқотди — ОАВ

Ҳозир Украина Қуролли кучлари Россия армиясининг орқа тарафига ракета ва артиллерия зарбалари беришга уринмоқда.

Фото: New York Times

Украина Қуролли кучлари қарши ҳужумнинг дастлабки икки ҳафтасида Ғарб томонидан етказиб берилган танклар ва зирҳли транспортёрлар каби ҳарбий техниканинг 20 фоизини йўқотди. Бу ҳақда New York Times ёзди.

Нашр суҳбатдошларига кўра, Украина Қуролли кучлари илк ҳужумдан кейин катта йўқотишларга учраган, сўнгра вазиятни баҳолаш мақсадида ҳужумни секинлаштирган. Кейинги ҳафталарда Украина қўмондонлиги тактикани ўзгартирган, натижада жанговар йўқотишлар сезиларли даражада камайган. Бу эса Украина Қуролли Кучларига навбатдаги зарба учун кўпроқ қўшин ва техникани тежаш имконини берган.

Ҳозир Украина Қуролли кучлари Россия армиясининг орқа тарафига ракета ва артиллерия зарбалари беришга уринмоқда. Шу билан бирга, ҳужум суръати пасайган, баъзи ҳудудларда эса бутунлай тўхтаган.

Нашрнинг таъкидлашича, қарши ҳужум ҳақида хулоса чиқаришга ҳали эрта. НАТО бош котибининг собиқ ёрдамчиси Камил Гранд сўзларига кўра, Қуролли кучларнинг йўқотишлари ва ҳужумнинг секинлашуви «қарши ҳужумнинг муваффақиятсизликка маҳкум» эканини англатмайди.

Украина президенти Володимир Зеленский BBC News телеканалига берган интервьюсида Қуролли кучларнинг ҳужуми «кўнгилдагидан секинроқ кечаётганини» тан олди. Сабаблари ҳақида гапирар экан, Зеленский миналанган майдонлар ҳужумни секинлаштираётганини таъкидлади – унинг сўзларига кўра, россияликлар Украина ҳудудининг 200 минг квадрат километрга яқин қисмини миналаштирган.

Украина бош вазири Денис Шмихал The Guardian газетасига берган изоҳида, Қуролли кучлар ҳужумга қандай тайёргарлик кўрган бўлса, россияликлар ҳам мудофаага шунчалик ҳозирлик кўргани, шу боис Украина қўшинларининг олдинга силжиши кутилганидан ҳам секинроқ эканини айтди. Шунингдек, у ҳужумнинг муваффақиятига шубҳа қилмаслигини қўшимча қилиб, бунинг учун «вақт керак эканини» таъкидлади.

Мавзуга оид