Жаҳон | 08:59 / 16.07.2023
16291
2 дақиқада ўқилади

Туркманистон ҳукуматида қатор истеъфолар амалга оширилди

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўрнида икки вазирлик ташкил этилган.

Фото: turkmenportal.com

Туркманистон президенти Сардор Бердимуҳамедов республиканинг давлат аппаратини қайта шакллантиришга жиддий киришди, деб хабар бермоқда маҳаллий ОАВ. Хусусан, Бердимуҳамедов мамлакат қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлигини тарқатиб юборган ҳамда унинг негизида иккита идора: Қишлоқ хўжалиги ва Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирликларини ташкил этган.

Давлат раҳбари фаолиятидаги жиддий камчиликлари учун Алланур Алтиевни тугатилган Қишлоқ ўжалиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонни имзолаган. Тошҳовуз вилояти ҳокими Назармират Назармиродов Туркманистоннинг янги қишлоқ хўжалиги вазири этиб тайинланди.

Парламентнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни бошқариш ва агросаноат комплекси қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган Чоригелди Бобониязов эса мамлакат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири этиб тайинланди.

Бундан ташқари, 2023 йилнинг биринчи ярмидаги фаолиятида камчиликлар аниқлангани сабабли Туркманистон энергетика вазири Ҳожимуҳаммад Ражабмуродов, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Гулмират Агамиродов, Давлат товар-хомашё биржаси раиси Бегенч Чарев ва «Туркманкимё» давлат концерни раиси Ниязли Ниязлиев вазифасидан озод этилган. Уларнинг ўрнига янги мансабдорлар тайинланган.

Ҳукуматда аграсаноат мажмуига раҳбарлик қилган бош вазир ўринбосари Аннагелди Язмирадов саломатлигига кўра лавозимини тарк этган. Язмирадов, шунингдек, Оролни асраш халқаро фонди бошқарув кенгаши аъзолигидан ҳам четлатилган.

Бундан ташқари, Бердимуҳамедов мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчиси Язгули Маммедовни ишдан олган. Маммедов бу лавозимда 2018 йилдан буён ишлаб келаётганди. У билан бирга Германия, Гуржистон ва Тожикистондаги элчилар ҳам ишдан кетган.

Мавзуга оид