Ўзбекистон | 15:31 / 19.07.2023
23170
3 дақиқада ўқилади

Қибла тоза боғ — Хива хонларининг унутилган, лекин бугунгача сақланиб қолган саройи

Ичанқалъадан бир неча км узоқликда Хива хонларининг кўпчилик сайёҳлар, ҳатто ўзбекистонликлар учун номаълум бўлган ёзги саройи жойлашган. Уни ҳам ташландиқ, ҳам обод бир маскан, дейиш мумкин. Сабаби Қибла тоза боғ номли эски саройнинг боғлари ҳалигача парвариш қилинади, турли мевалар беради. Аммо ҳовли шу пайтгача сайёҳлар учун ёпиқ бўлган ва туристик йўналишга киритилмаган, бинолари эса яқин йиллардагина таъмирлана бошлаган.  

Хоразм вилояти Маданий мерос бошқармаси мутахассиси Икром Раҳимовнинг айтишича, ёзги саройнинг умумий майдони 11 гектарни ташкил қилса, шундан 7 гектари боғ, 4 гектари бино-иншоот қилиб қурилган. 

У ҳам қароргоҳ, ҳам ҳовли вазифасини бажарган. Боғдан ташқари саройдан хон оиласи дам оладиган ҳовли, хизматчилар яшайдиган ҳовли, ёзги ва қишки масжидлар, отхона ва гуллар экиладиган гулхоналар ўрин олган. Қибла тоза боғнинг ҳарам қисмида хон ва унинг оиласи фақат ёз ойларида келиб дам олишган. Саройнинг олд қисмидаги нақшдор хоналарида эса Хива хони меҳмонларни қабул қилган. 

Қибла тоза боғнинг қурилиши Муҳаммад Раҳимхон II даврида 1893 йиллардан бошланган ва 1903-1910 йилларда сарой олд қисмида европача ва шарқона услублар уйғунлигидаги қароргоҳ биноси қурилган”, дейди мутахассис.

Қарийб 130 йиллик тарихга эга бу муҳташам сарой ҳақида маълумотлар унчалик кўп эмас. Советлар давридан бошлаб яқин яқингача Қибла тоза боғ биноларидан турли мақсадларда фойдаланиб келинган. 

Собиқ Иттифоқ даврида саройдан ҳарбий горнизон сифатида фойдаланилган. Кейинчалик эса қишлоқ ҳунармандчилик ўқув мактаби, 1992 йилларда Хоразм вилояти маданий мерос ёдгорликларини таъмирлаш махсус уcтахонаси бўлган. 1994 йилда эса Хоразм вилояти йўл идорасига 20 йилга ноль қийматда меҳмонхона сифатида ишлатиш учун берилган ва ўзини оқлолмагач, 2010 йилда давлатга қайтарилган.

Сўнгги уч йилликда ёзги сарой бинолари секин-секин таъмирланиб тикланяпти. Лекин ҳали охирига етказилмаган”, дейди Икром Раҳимов.

Маданиятимизнинг яна бир яққол ифодаси сифатида қизиқ ва қайноқ сайёҳлик нуқталаридан бирига айланиши мумкин бўлган Қибла тоза боғ аллақачонлар маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун очилиши керак эди. Саройдан қарийб бир аср давомида бошқа мақсадларда фойдаланилгани оқибатида боғлари ҳали ҳам мева бераётган шундай маданий мерос объекти қизиқувчиларни ўзига мафтун этишга анча кеч қолди. Ўйлаймизки, тез орада Қибла тоза боғ ҳам сайёҳлар учун очиқ масканга айланади.

Сардорбек Усмоний

Мавзуга оид