Қарийб 110 йил олдин Хива хонлигининг бош вазири Саид Исломхўжа ўлдирилди. Аммо давлатнинг энг нуфузли амалдорига қарши уюштирилган суиқасд тергови жуда суст олиб борилди. Қотиллар топилмади ва жиноят расман очилмаганича қолмоқда. Ушбу мақолада воқеалар ривожини тиклашга, Хива саройининг яширин бурчакларига назар солишга, қотиллик ташкилотчилари, ижрочилари ҳақидаги маълумотларни жамлашга уриниб кўрамиз.

Саид Исломхўжа (Худойберган Девонов фотосурати, 1910 йил)

Биринчи жаҳон уруши арафасида Россия империяси ҳукмронлиги остида бўлган Хива хонлигида сиёсий ҳаётни издан чиқарган 2 та фавқулодда воқеа юз берди.

Улардан биринчиси (1911-1912) «девонбегилар» номи билан машҳур бўлган бир гуруҳ нуфузли амалдорларнинг ҳибсга олиниши ва узоқ муддат давомида хоннинг ғазаби остида яшаши билан боғлиқ эди.

Иккинчиси – 1913 йил август ойида бош вазир ва хонликнинг маъмурий-молиявий тизимида режалаштирилган ислоҳотларнинг бош ижрочиси Саид Исломхўжанинг қонли ўлдирилиши бўлди. Ушбу жиноят расман очилмаганлигича қолмоқда.

Иккала воқеа ҳам кўплаб миш-мишлар, тахминларга сабаб бўлган ва тарихчилар эътиборини тортиб келган. Ушбу мақолада турли манбаларга таянган ҳолда воқеалар ривожини тиклашга, Хива саройининг яширин бурчакларига назар солишга, бош қаҳрамонлар ва уларнинг ҳаракатлари сабабларини аниқлашга уриниб кўрамиз.

«Рус аскарлари Амударё қирғоқларида» - Николай Каразин асари (runivers.ru)

Хива устидан Россия ҳукмронлигининг ўрнатилиши

1873 йил март ойида Россия империяси томонидан Хива хонлигига қарши ҳарбий юриш бошланди. Бунга генерал фон Кауфманнинг қўмондонлиги остида 12300 аскар жалб қилинди. Рус қўшинлари Хивага тўрт томондан — Тошкент, Казалинск, Оренбург ва Каспий денгизининг икки портидан (Красноводск ва Манғишлоқ) юриш қилдилар. 1873 йил 29 май куни улар хонликнинг деярли барча асосий стратегик нуқталарини босиб олиб, Хивага кириб боришди. Бир неча кун олдин Хивадан қочган хон Муҳаммад Раҳим II саройга қайтарилди ва Россия ҳукумати томонидан хонликнинг олий ҳукмдори сифатида тасдиқланди. У ўзини «Бутунроссия императорининг камтарин хизматкори» сифатида тан олди.

Кейинги ҳафталарда рус ҳокимияти босиб олинган ҳудудларда маъмурий-бошқарув тизимини ташкил этиш чораларини кўрди. Жумладан, 1873 йил 12 июнда хон «Хива хонлигида қулдорликни тугатиш» тўғрисидаги манифестни имзолади. Шунингдек, саройда Муҳаммад Мурод (Матмурод) девонбеги раҳбарлигидаги нуфузли аксилроссия гуруҳи йўқ қилинди. У ўз сафдоши Раҳматулла Ясовулбоши билан бирга олдин Казалинскка, кейинчалик Калуга вилоятига сургун қилинди.