Жаҳон | 08:20 / 20.07.2023
12083
2 дақиқада ўқилади

Россия Украинанинг Қора денгиз портлари блокадаси ҳақида эълон қилди

20 июлдан бошлаб Қора денгизда Украина портларига сузиб кетаётган барча кемалар ҳарбий юкларни потенциал ташувчилар сифатида кўрилади, деб хабар берди Россия Мудофаа вазирлиги. 

Фото: Reuters

Россия амалда 20 июлдан бошлаб Украинанинг Қора денгиз соҳиллари блокадага олинганини эълон қилди. Қора денгиздаги Украина портларига кетаётган барча кемалар ҳарбий юкларни потенциал ташувчилар сифатида кўриб чиқилади ва бундай кемаларда байроғи ўрнатилган мамлакатлар «Украина можаросида Киев режими томонида иштирок этган деб ҳисобланади», дея маълум қилди, 19 июль куни Россия Мудофаа вазирлиги.

У қўшни давлат портлари блокадасини Москванинг «ғалла битими»дан чиқиши билан изоҳлади (матнда бу воқеа «Қора денгиз ташаббуси» фаолиятининг тўхтатилиши ва денгиз ҳуманитар коридорининг чекланиши» деб аталади). 

Бундан ташқари, Россия Мудофаа вазирлиги Қора денгиз халқаро акваторияларининг шимоли-ғарбий ва жануби-шарқий қисмидаги бир қатор ҳудудлар навигация учун вақтинча хавфли деб эълон қилингани ва «денгизчилар учун хавфсизлик кафолатлари бекор қилиниши тўғрисида огоҳлантиришлар жорий этилгани» ҳақида маълумот берди. 

«Ғалла битими» деярли бир йил давомида амал қилди. Украинадан озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича келишувлар 2022 йил 22 июлда Истанбулда 120 кунга тузилган, кейин эса уч марта узайтирилган. Битимлардан бири Киев томонидан назорат қилинадиган Одесса, Черноморск ва Южний портларидан дон экспортини тартибга солади.

Бошқа қисми Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ўғитларининг жаҳон бозорларига чиқиши билан боғлиқ. Москвага кўра, у бажарилмаган. 18 май куни Россия охирги марта битимни яна 60 кунга, яъни 17 июлгача узайтиришини эълон қилиб, унинг шартлари қандай амалга оширилаётганини баҳолаш учун бу вақт етарли бўлиши ҳақида огоҳлантирган.

17 июль куни Москва «ғалла битими» бекор қилинганини билдирди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бу қарорни Россияга тегишли Қора денгиз келишувларининг бир қисми шу пайтгача бажарилмагани билан изоҳлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид