Ўзбекистон | 10:04 / 22.07.2023
10515
3 дақиқада ўқилади

Жазони ижро этиш муассасасидан озод этилган шахсни ишга қабул қилган тадбиркорларга субсидия ажратилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож айрим тоифаларини қўллаб-қувватлаш ва улар бандлигига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Таълим муассасалари битирувчилари ва жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар бандлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланади.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда тегишли вазирлик ва идоралар маълумотлар базасини “Бандлик хизмати” ахборот тизимига интеграция қилиш орқали, таълим муассасалари битирувчилари ва жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахслар бандлик ҳолатини доимий мониторинг қилиб бориш тизимини жорий қилади. Бунда, битирувчилар ва жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахсларнинг бандлик ҳолатини реал вақт режимида аниқлаш имконияти яратилади.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги бир ой муддатда 2023 йил 1 ноябрдан 2025 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектларига ишга қабул қилган жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган ҳар бир шахс учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида бир марталик субсидия ажратилиши тартибини жорий этади.

Бунда:

  • субсидия, ишга жойлаштирилган шахс иш жойида камида 3 ойдан ортиқ муддатда меҳнат фаолиятини давом эттиргандан сўнг тўланади;
  • ички ишлар органлари томонидан фуқаро жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилгани тўғрисидаги маълумот меҳнат органларига тақдим этиб борилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитаси 2025 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектларига республика бюджетидан жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахсларнинг назоратда бўлган (пробация) даврида меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисобот ойидан кейинги ой 25 санасидан сўнг қайтариб бериш тизимини жорий этади.

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш, уларга тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тилларни ўргатиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

  • касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларини ўргатишга оид махсус ўқув курслари Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан 2023 йил 1 ноябрдан бошлаб “Ишга марҳамат” мономарказлари, касб-ҳунарга ўқитиш марказларида ташкил этилади;
  • хорижий тилларни ўргатиш ҳуқуқ-тартибот органларининг олий таълим муассасаларида Ички ишлар вазирлиги томонидан 2023 йил 1 ноябрдан бошлаб масофавий таълим шаклида ташкил этилади.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид