Британия архивлари: Кучма ЕИга киришда Блэрдан ёрдам сўраган, Ғарбга эса Путин зарурроқ бўлган
Британия давлат архивининг 20 йил аввалги ҳужжатлари тарқалди ва уларда айтилишича, Украинанинг ўша вақтдаги президенти Леонид Кучма Британия бош вазири Тони Блэрдан мамлакатнинг Европа Иттифоқига кириш орзуси бўйича ёрдам сўраган. Ҳужжатларга кўра, ўшанда Ғарбда кўпчилик Украина билан унчалик яқин муносабатда бўлишни истамаган, улар учун Путин билан дўстлик муҳимроқ бўлган.
Кучманинг қўлда ёзган хати
Тони Блэрнинг Европа масалалари бўйича маслаҳатчиси Рожер Лиддлнинг хати очиқ манбаларда тарқалди. Маслаҳатчи Британия бош вазирига ёзган хатида Киев яқинроқ мулоқотда бўлишни истаётганини айтган. Украинанинг иккинчи президенти Леонид Кучма эса Блэрдан Украинанинг Европа ва Евроатлантика билан интеграцияси, хусусан, Европа Иттифоқига кириши бўйича ёрдам сўраган.
Кучма қўлда ёзилган расмий хатида Украинани дўст деб биладиган Блэр бу борада шахсан ёрдам беришидан умидвор эканини билдирган. Блэрнинг ёрдамчиси эса ўз хатида украиналиклар Европанинг катта қисми ва АҚШ янги президенти администрацияси уларни кўзлаётган мақсадидан чекинишга ундаётгани сабаб тушкун кайфиятда эканини баён қилган. Унинг сўзларига кўра, британияликлар ва Ғарбдаги бошқа давлат етакчилари Путинга «пушти кўзойнак орқали қараган». Лиддл украиналиклар Путинни ақлли сиёсатчи деб билиши, аммо демократик қаҳрамон деб ҳисобламаслигини айтган.
НАТОнинг самимий иттифоқчиси
Сиздирилган ҳужжатлардан Тони Блэр Путиннинг терроризмга қарши курашда НАТО билан ҳамкорлигини юқори баҳолаши маълум бўлади.
Хусусан, Тони Блэр 2001 йил 15 ноябр куни, АҚШ Афғонистонга бостириб кирганидан икки ой ўтиб ўша вақтдаги НАТО бош котиби лорд Робертсонга ёзган хатида шундай дейди: «Путин билан мулоқотларимдан шундай хулосага келдимки, у чиндан НАТО билан ҳамкорликни ривожлантирмоқчи. 11 сентябр воқеаларидан кейин мен, сиз ва НАТО давлатлари етакчиларининг Путин билан қилган мулоқотлари, ўтказган учрашувлари энди биз чинакамига евроатлантик хавфсизлик ҳақида гапириш имконига эгалигимиздан нишона».
Ўзаро мулоқот учун фойдаланилган ёзишмалардан маълум бўладики, ўша вақтдаги АҚШ мудофаа вазири Доналд Рамсфелд Вашингтон Украинанинг НАТОга интилишини олқишлашини айтган, Британия эса Украина алянсга кириш талабларига жавоб бермайди деб ҳисоблаган. Аммо Бирлашган Қироллик Украинани эҳтимолий номзодлар қаторидан буткул ўчириш керак деган хулосага келмаган.
Ёзишмаларда 2001 йилда Украинада кўп можаролар кузатилгани, хусусан, мамлакат президенти Кучма журналист Георгий Гонгадзени ўлдиришни буюргани ҳақида тарқалган аудиоёзув мавзуси ҳам тилга олинган.
«Ўзгача қўшни» статуси
Яна бир ҳужжатдан маълум бўладики, 2002 йил феврал ойида Британиянинг Украинадаги элчиси Роланд Смит Украина, Беларус ва Молдовага «Европа иттифоқининг ўзгача қўшниси» статуси берилишини қўлламаслигини айтган. Унинг фикрича, бу Европа Иттифоқининг шарқий чегараси ўзгармас қилиб белгиланди, деган хулосага келишга ундайди.
Роланд Смит Украинани Европа Иттифоқининг тўлақонли аъзоси бўлишини чекловчи режалар қаердан пайдо бўлганини тушунмаслигини айтган. «Муаммо Украина жуда ҳам катта давлат эканидами? Ёки биз Украина Россия [таркибига] қайтиши керак деб ҳисоблаймизми?» деган элчи.
Роланд Смит нега Украинанинг ЕИга кириш режаси Болгария ва Руминиянинг режасидан фарқли экани билан ҳам қизиққан. Маълумот учун, кейинги икки давлат 2007 йилда Европа Иттифоқига аъзо бўлганди.
Олигархлар таъсири
Леонид Кучма Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиш истаги ҳақида 1998 йилдаёқ айтганди. Аммо бунга биринчилардан бўлиб Франция ва Германия қарши чиққан. Улар Украинада коррупция урчигани, иқтисодиёт ишламаслиги, барча бизнес олигархлар қўлида эканини айтиб, эътироз билдирган.
2001 йил Қримда ўтган музокаралардан кейин Рожер Лиддл Украинадаги кучсиз демократия ва иқтисоднинг кучайиши ЕИнинг Ғарбий чегарасида Россиянинг Ғарбга қаратилган ҳар қандай эҳтимолий империалистик ҳаракатларига қарши яхши тўсиқ бўлишини айтган. 2001 йил Украинанинг Европа Иттифоқига кириши бўйича Лондонда ўтган музокараларидан кейин ҳам Лиддл ўз фикрини билдирган. Унинг айтишича, украиналиклар АҚШнинг янги президенти администрацияси ва Европанинг катта қисми уларни рад қилгани сабаб тушкун кайфиятда ортга қайтишган.
Ёки Россия ёки Украина билан
2001 йил АҚШ президенти бўлган кичик Жорж Буш россиялик ҳамкасби Путин билан илк учрашувидан кейин уни «дангал ва ҳурматга муносиб лидер» деб атаган. 11 сентябр терактидан кейин эса АҚШ Россиянинг қўлловига эҳтиёж сезганди.
Шарқий Европа сиёсати бўйича мутахассис бўлган Бирмингҳем университети профессори Катерина Волчукнинг фикрича, 2001 йилда Британия ҳукумати Путиннинг Украинага нисбатан сиёсати билан умуман қизиқмаган. Чунки улар Путинни Шимолий Атлантика бўйича ҳамкор деб ҳисоблаган.
2014 йилда Европа Иттифоқи ниҳоят Украина билан ассоциация бўйича келишув имзолади. Аммо россияпараст президент Виктор Янукович бу келишувни имзолашдан бош тортади. Оқибатда Украинада инқилоб содир бўлади. 2014 йил 22 феврал куни Януковичнинг ҳукумати ағдарилди. Кўп ўтмай Ростовга қочиб кетгани Янукович кимнинг таъсиридаги президент бўлганини исботлади.
Бу воқеалар фонида Россия Қримни аннексия қилди, Донбасснинг бир қисмида ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «республика»лар пайдо бўлди, 2022 йил 24 февралига келиб эса Россия Украинага бостириб кирди. Шу йилда Европа Иттифоқи Укрианага расман иттифоққа киришга номзод статусини тақдим этди. Украинанинг НАТОга қабул қилиниши масаласи эса ҳали очиқлигича қолмоқда.