Жамият | 19:18 / 23.07.2023
103081
6 дақиқада ўқилади

«Онам чақиряпти деб қизимни олиб кетганди» – зўрлик қурбони бўлган қиз ўлими бўйича тафсилотлар

20 июл куни Фарғонада 11 ёшли қизчанинг мурдаси зўрлаш ва қотиллик аломатлари билан топилганди. Бош прокуратура 17 яшар йигит ушбу жиноятни содир этишда гумонланиб қўлга олинганини маълум қилган. Марҳумнинг отаси қизи камида уч киши томонидан зўрланган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Фарғона шаҳри Янги Аср кўчасида жойлашган қурилиши тугалланмаган бино ёнидан 11 ёшли қизчанинг мурдаси зўрлаш ва қотиллик аломатлари билан топилган ҳолат юзасидан янги тафсилотлар очиқланди.

Қизалоқнинг яқинлари томонидан берилган маълумотларга кўра, 19 июль куни ўзларига таниш бўлган оила фарзанди — 2006 йилда туғилган, Фарғона шаҳридаги 16-умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси қизнинг уйига келиб онаси уни чақираётганини айтган ва уйдан олиб чиқиб кетган. 11 ёшли қизалоқ ота-онасининг ёлғиз қизи бўлган.  

«Қизимнинг қулоғи тагига темир билан уришган. Кейин биттаси уйидан адёл олиб чиқиб, учта бола нима қилса қилибди», дейди алам билан марҳум қизнинг отаси.

Бош прокуратура матбуот хизмати воқеа содир бўлган куни гумонланувчининг ёнида бўлган икки нафар шерикнинг ушбу жиноятга алоқадорлиги ҳам текширилаётганини билдирган.

Маълум бўлишича, ҳодиса содир бўлган куни қизнинг онаси кўричак хуружи билан операция бўлган.

«19 июл куни соат олти яримларда апендицитим ушлаб қолганди. Домкомимиз тез ёрдам чақириб берди. Ўғлим мен билан бирга тез ёрдам машинасида банисага борди. УЗИга тушдим. Ўғлимга: «Паспортим керак экан, бориб олиб келгин», деб айтдим», деган марҳумнинг онаси Қизлархон Исомиддинова Vodiy24 каналига берган интервюсида.

Марҳумнинг онаси Қизлархон Исомиддинова. Фото: Vodiy24

Аёл шифохонада ётган вақтда оилага таниш оиланинг ўғли (гумондор) келиб, Маржонани онаси чақираётганини айтиб, олиб чиқиб кетади. Қизнинг отаси унинг сўзларига ишониб, фарзандини у билан бирга юборади.

«Ўғлим онасини банисага ташлаб келди. Операция бўлганди соат 12 да. Болаларим ўша ерда кутиб туришди. Операция тугагандан кейин дўхтирлар ўғлим билан қизимга «уйга бораверинглар», дейишибди. Менга телефон қилишганди: «Қайтаверинглар!» деб айтдим. Қизим акаси билан уйга келди.

Бирпасдан кейин битта бола келиб аям Маржонани чақиряпти, иши боракан деди. Хотинингиз билади уйимизни деб айтди. «Телефон рақамингни бер», деб сўрасам: «Телефоним уйда зарядкада, қизингизни дарров қайтариб олиб келаман», деб жавоб қилди. Мен ҳам унинг нима хаёлда эканини сезмасдан: «Бор, тезроқ қайтгин, қизим» деб ўша бола билан бирга юборибман. Бирга кетишди.

Орадан бир соат ўтди, йўқ. Кейин ўғлимга айтдим, у боланинг отини биласанми десам, билмайман деди. Мен ҳам сўрамабман. Ўғлим билан бирга ўша болани роса ахтардик. Соат икки, уч бўлди, йўқ. Домларнинг орасида юриб «Маржона, Маржона», деб роса бақирдим. Қон босимим тушиб кетди. Нима қилишимни билмасдан уйга қайтдим, ҳалиям уйга келмаган экан», дейди у.

Марҳум Маржона отаси билан. Фото: Vodiy24

Қош қорайганидан сўнг ҳам уйга қайтмаган Маржонанинг яқинлари уни бир неча соат давомида излашган, бироқ топа олишмаган.

«Ўғлим билан участкавойларни қидирдик, аммо битта посбонниям тополмадик. Соат кечаси 11-12 бўлиб кетди. Ўғлим мелисаларни кутиб турамиз деб ўша ерда тўрт ўртоғи билан қолди. Мен уйга қайтдим. Қизим ҳалиям келмабди.

Бир маҳал уч бола келиб қоронғида мени ўраб олишди. Улардан бири қизимни олиб кетган бола эди. «Сен Маржонани олиб кетгандинг, қани қизим?» десам, «Мен қизингизни жўнатворганман, бир соат бўлди, келмадими?» деди. Уларнинг ҳаракатлари кўзимга ножўя туюлди. «Ҳа, майли, бўлмасам», деб қўйдим уларга.

Улар кетишгач машинада ўғлимнинг олдига бориб, ўртоқлари билан бирга учовлоннинг ортидан тушдик. Қувиб етганимизда чиқиндихона тарафга кетишаётган экан, уларни ушлаб стоянкада турган мелисанинг машинасига олиб бордик. Кейин у ерда сўроқ қилишди.

«Нимага кечаси кўчада юрибсан, ота-отанг қаерда?» деб сўрасам, у: «Дадам аям билан Андижонда», деб айтди. Мелисалар уни уйига олиб борди, аяси уйидан чиқиб келди. Аясининг ўзини мелисахонага олиб кетишди. Бизниям олиб кетишди ўғлим билан бирга. Қон босимим тушиб кетгани учун мелисахонада менга укол қилишди. Кейин прокурор келгач, бизни қўйворишди. Мана, қизимдан айрилиб ўтирибмиз», дейди марҳум қизнинг отаси.

Ота марҳум қизининг мурдаси ташлаб кетилган жойни кўздан кечирмоқда Фото: Vodiy24

Маржонанинг ота-онаси жамоатчиликдан мазкур жиноят босди-босди бўлиб кетмаслиги учун ёрдам сўраган. Улар кўзларининг оқ-у қораси бўлган ёшгина қизларининг қотилларига умрбод қамоқ жазоси берилишини талаб қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97- (Қасддан одам ўлдириш), 118- (Номусга тегиш) ва 119- (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. 

Мавзуга оид