Фарғона шаҳар ногиронлиги бор болалар учун “Ғамхўрлик” марказидаги (аввалги Мурувват уйи) кундузги парваришлаш гуруҳлари ёпилиб, тарбияланувчилар хусусий муассасага йўналтирилган. У ерда эса малакали мутахассис йўқ. Оқибатда ўттизга яқин ногиронлиги бор бола қаерга боришни билмай сарсон бўляпти.

Kun.uz мухбири “Ғамхўрлик” масканида бўлиб, ота-оналар билан суҳбатлашди, масъуллардан изоҳ сўради.

Янги тартибдан норози бўлаётган ота-оналар фарзандларини Мурувват уйига қайтаришни сўраб, мутасаддилардан илтимос қилиб қолишди.

Янги жойда бундай болаларни эплай олишмади”

Сайёра Ёрматова:

— Икки неварам: 16 ва10 ёшли ногирон опа-ука сарсон бўлишяпти. Мурувват уйининг ходимлари невараларимга яхши қарашаётган эди. Нима бўлдики, соҳани тадбиркорларга берамиз деб махсус кундузги гуруҳни ёпиб қўйишди. Ногиронлиги бор невараларим янги муассасага боргандан бери касал. У ерда мутахассислар йўқ экан. Ногиронлиги бор болаларим сарсон бўлгани қолди. Эски Мурувват уйига қайтаришсин уларни.

“Янги боғчага олиб борасизлар, бу ер ёпилди” дейишди. Янги жойда эса биз бундай болаларни эплай олмаймиз деб, ҳужжатларимизни қўлимизга тутқазишди. Ўша куни касал бўлди невараларимдан бири.

Фарғона шаҳридаги Муррувват уйининг шароитлари зўр бўлган. У ерда ҳақиқий мутахассислар бўлган. Ҳеч қанақа камчилик бўлмаган. Бизга шу эски Муррувват уйини очиб беришсин. Сарсон бўлиб кўчада қолган болаларимизни Мурувват уйи яна олсин.

Ногиронлиги бор фарзандим азобда қолди”

Саида Мирзаазизова:

— Фарзандим 9 йилдан бери Мурувват уйидаги махсус кундузги гуруҳда тарбияланарди. Фарғона шаҳридаги Мурувват уйининг номини ўзгартирамиз деб, ёпиб қўйишди. Ногиронлиги бор болаларимизнинг ҳаммаси сарсон бўлиб кўчада қолди.

Мурувват уйидаги махсус гуруҳ яна очилсин. Чунки биз бюджет ташкилотида ишлаймиз-да, болани қаерда қолдиришни билмай шу ерга келганмиз.