10:44 / 24.07.2023
19415

Лукашенко: «вагнерчилар» Варшавага экскурсияга бормоқчи 

Беларус раҳбарининг сўзларига кўра, «вагнерчилар» Варшавага экскурсияга бормоқчи». Лукашенко Путин билан учрашувга Полша қўшинларининг Иттифоқ давлати чегараларига ўтказилиши кўрсатилган харитани олиб келди.

Фото: РИА Новости

Беларус раҳбари Александр Лукашенконинг таъкидлашича, Беларусда жойлашган «Вагнер» ХҲК «ёлланма аскарлари», унинг сўзларига кўра, «Варшавага экскурсияга боришни» хоҳлаётгани сабабли вазиятни «қийинлаштиришни бошлади». Лукашенко бу ҳақда 23 июль, якшанба куни Санкт-Петербургда Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда гапирди. 

«Балки мен буни айтмаслигим керакдир, лекин айтаман. «Вагнерчилар» вазиятни қийинлаштиришни бошлади. «Ғарбга кетмоқчимиз. Бизга рухсат беринг», дейишяпти. Мен нега буни хоҳлашаётганини сўрасам, улар Варшавага, Жешувга экскурсияга боришни исташаётганини айтяпти. Мен уларни марказда, келишилгандек, Беларусда ушлаб турибман, уларни у ерга кўчирмоқчи эмасман, чунки кайфияти яхши эмас. Улар Иттифоқ давлати атрофида нима бўлаётганини билиб турибди. Шунинг учун бунга қарши бўламиз, сиздан ҳам бу масалани кўриб чиқишингизни сўрайман», деди Лукашенко.

«Белта» ахборот агентлиги хабарига кўра, Лукашенко Путин билан учрашувга Полша қўшинларининг Иттифоқ давлати чегараларига ўтказилиши кўрсатилган харитани олиб келган. Лукашенконинг сўзларига кўра, Полша бригадаларидан бири ҳозир Брестдан 40 километр, иккинчиси Гроднодан 100 километр узоқликда жойлашган. 

23-24 июнь кунлари «Вагнер» ХҲК исёнидан сўнг, компания раҳбари Евгений Пригожин Беларусга «кетиши» эълон қилинди. ХҲК ёлланма аскарларига уйга қайтиш, Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаш ёки Пригожиннинг ортидан бориш таклиф қилинди. 

14 июль куни Беларус Мудофаа вазирлиги «Вагнер» ХҲК ёлланма аскарлари мамлакатга келганини маълум қилди. Идора Беларуснинг «ВоенТВ» телекомпанияси материалини чиқарди, унда Могилев вилоятидаги «машғулот жойлари» ҳақида сўз юритилган, у ерда «Вагнер» ёлланма аскарлари инструктор сифатида ишлайди. 

Кейинроқ Мудофаа вазирлиги Полша билан чегара яқинида «Вагнер» ХҲК билан қўшма машғулотлар ўтказиши ҳақида хабар берди. Маркс чақириқ белгисига эга бўлган ХҲК «қўмондонлар кенгаши» аъзоси Беларусга жами 10 000 га яқин ёлланма аскар келишини айтди. 

Top