Observer: Ғарб Украина армияси тайёрлаш ва қуроллантиришда хатога йўл қўйди
Британия қироллик мудофаа тадқиқотлари бирлашган институтининг уруш олиб бориш бўйича катта илмий ходими Жек Уотлингнинг таъкидлашича, Ғарб томонидан Украина қуролли кучлари аскарларини тайёрлашда йўл қўйилган хатолар Украина қарши ҳужумининг секин бораётгани ва сезиларли натижаларга эриша олмаётгани сабабини тушунтиради.
«Украина қўшинлари икки ойдан бери Россиянинг «Суровикин чизиғи» деб аталувчи жуда мустаҳкам мудофаа позицияларини ёриб ўтишга ҳаракат қилмоқда», деб ёзади Уотлинг Британиянинг Observer газетасида чоп этилган «Ғарб Украина қўшинларини тайёрлашга эътибор қаратиши керак, акс ҳолда биз тўлов қилишимизга тўғри келади» дея номланган мақоласида.
Қуйида ушбу мақоланинг асосий тезислари.
Техника ва қуроллар
Муваффақиятли қарши ҳужум операцияларини ўтказиш учун украиналикларга нималар кераклиги Ғарб пойтахтларига 2022 йил ёзидаёқ маълум бўлганди — булар артиллерия, муҳандислик жиҳозлари, тактик ҳаво мудофааси, кўчиб юрувчи мудофаа воситалари (пиёдалар машинаси ва бошқалар) ва ходимларни тайёрлаш.
Украиналиклар қурол, снаряд ва зирҳли транспорт воситаларини етарли миқдорда олди. Муҳандислик ва тактик ҳаво мудофааси техникалари эса камроқ ҳажмда етказиб берилди.
Бироқ, 2022 йил сентябр ойидаёқ Украина қуролли кучларига зирҳли транспорт воситалари кераклиги маълум бўлганига қарамай, уларни етказиб бериш тўғрисидаги қарор фақатгина 2023 йил январ ойида қабул қилинди ва ҳозирча қисман бажарилди.
Бир неча ойлик кечикиш рус қўшинларига мудофаа чизиғини қуриш учун вақт берди, бу эса украиналикларнинг вазифасини анча қийинлаштирди. Украина кучлари турли тайёргарлик ҳолатида бўлган Ғарб тизимларини ўзлаштириш ва ўз ҳарбийларини жуда мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қилишга тайёрлаш учун икки ойлик муддатга эга бўлди.
Шахсий таркиб тайёрлови
Уотлингнинг сўзларига кўра, яна бир муаммо шуки, машғулотларнинг катта қисми яхши ўйлаб чиқилмаган.
Украина ҳамкорлари украиналик аскарларни якка тартибда тайёрлашни афзал кўраётгани сабабли, шахсий таркибни ўқитиш аста-секин бормоқда.
«Ғарб танклар ва пиёдалар жанговар машиналарини Украинага топшириш ҳақидаги қарор қабул қилингандан сўнг, силжиш содир бўлди — украиналиклар эндиликда бўлинма-бўлинма тарзида ўқитилмоқда», дейди Уотлинг.
Аскарларни Украинада индивидуал тайёрлаш мумкин. Аммо бу ерда ротадан каттароқ бўлинмаларни тайёрлаш мумкин эмас, чунки Украина полигонлари Россия армияси томонидан ўққа тутилади.
Шу сабаб, баъзи Украина бўлинмалари учун Европа полигонларида жамоавий машғулотлар ташкил этилди. Лекин, украиналик ҳарбийлар ғарбий полигонларда тўлиқ миқёсли тайёргарликка эга бўла олмасликлари ҳақида аниқ тушунча берди, чунки улар урушда НАТО томонидан сертификатланмаган ва ғарбий полигонларда фойдаланиш мумкин бўлмаган ўзларининг кўплаб шахсий тизимларидан (хусусан, дронлар ва ўт очишни бошқариш тизимлари) фойдаланади.
Муаллиф бунинг ўрнига, Украина қуролли кучларининг аллақачон мавжуд кучли томонларига эътибор қаратиладиган ўқитиш усулларини жорий қилишни таклиф этган. Аммо бунинг учун инструкторларга тайёрлов курсларини ўз хоҳишига кўра ўзгартиришга рухсат бериш ва курсларни ишлаб чиқишда украиналиклар унда иштирок этишга таклиф қилиш керак.
Уотлингнинг сўзларига кўра, асосий муаммо, афтидан, Украина қуролли кучларини тайёрлаш Ғарб моделлари бўйича олиб борилаётганидир. Чунки бу маълум бир тузилмани ва энг муҳими, вақтни талаб қилади, украиналикларда эса ҳозир у йўқ.
Бюрократия ва узоқ уруш
Бюрократик чекловлар Украина ҳамкорлари учун жиддий муаммони кўрсатди. Уруш бошланганидан бери Ғарб ҳарбийлари Украина қуролли кучлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш методларини мослаштиришга муваффақ бўлди. Аммо Европа хавфсизлиги келажаги Россия ва Украина ўртасидаги қарама-қаршилик натижасига боғлиқ бўлишига қарамай, Европа пойтахтларида бюрократлар ва дипломатлар ҳамон тинчлик даври намуналари бўйича ишламоқда.
Украинага етказиб берилаётган снарядлар узоқ муддатли таъминотга етмаслиги 2022 йил июл ойидаёқ аниқ бўлганди. Бироқ, НАТО давлатлари ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга шошилмаяпти, захира артиллерия тўпларини ишлаб чиқариш ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади.
Аммо, агар бу муаммо ҳал этилмаса, Украина ҳозирда эгалик қилаётган устунликни қўлдан бой беради ва иттифоқ Вилнюсда келишилган тайёргарлик кўрсаткичларига эриша олмайди.
Жек Уотлинг фикрига кўра, операция қандай кечишидан қатъи назар, Украинанинг халқаро ҳамкорлари ўз ёрдамларини Украина қуролли кучларини янги жангларга тайёрлашга йўналтириши керак.
Шу маънода, Европа хавфсизлиги Ғарб пойтахтларининг келажакни ўйлаш ва ўз вақтида қарор қабул қилиш қобилиятига боғлиқ.
«Украина шарқидаги қонли жанглар кадрлари бизга ҳар куни кечикиш ва сусткашлик нархини эслатиб туради», дея ўз мақоласига хулоса қилган Жек Уотлинг.
Мавзуга оид
22:05 / 19.11.2024
Энди бизда ATACMS бор, ундан фойдаланамиз — Зеленский
20:58 / 19.11.2024
Байденнинг рухсати урушнинг боришига қандай таъсир қилади?
18:44 / 19.11.2024
Украина ATACMS ракеталари билан Россия ҳудудига биринчи зарбани берди
16:15 / 19.11.2024