15:07 / 24.07.2023
5618

Ўзбекистон ва Туркия етакчилари стратегик шерикликни мустаҳкамлаш масаласини муҳокама қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан 24 июль куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотида икки мамлакат ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Туркия раҳбари Ўзбекистон етакчисини таваллуд куни билан муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар, халққа тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.

Президентлар олий даражадаги келишувлар ижросининг боришини кўриб чиқди. Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишига пухта тайёргарлик кўриш муҳимлигига эътибор қаратди.

Иқтисодиётнинг турли тармоқларида икки мамлакат етакчи компания ва корхоналарининг саноат кооперацияси бўйича истиқболли лойиҳаларнинг янги портфелини биргаликда ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

Минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Top