Гарчи Ўзбекистон жойлашган кенгликлардан бироз жануброқда жойлашган бўлса ҳам Бодрум Туркиянинг Ўрта ер денгизи бўйидаги курорт шаҳарларига ҳамда Ўзбекистонга нисбатан бироз салқинроқ.

Бодрум курортлари айниқса европаликлар орасида жуда машҳур. Бодрум/Милас аэропортига қўнаётган самолётларнинг 80 фоизи Европа давлатларидан эканининг ўзи бундан далолат беради. Шунингдек, туркларнинг ўзи ҳам Бодрумда дам олишни севади.

Сўнгги пайтларда Бодрум МДҲ ва Марказий Осиё, хусусан ўзбекистонликлар орасида ҳам машҳур бўлиб бормоқда. Ўзбекистондан ҳар шанба Бодрумга чартер рейси қўйилган.

Чунки Бодрумда мароқли ҳордиқ чиқариш учун барча шароитлар муҳайё: оқ қумли шаффоф денгиз, шириндан шакар таомлар, қизиқарли тунги ҳордиқ ва маданий осори-атиқалар. Унинг энг асосий устунлиги — тиниқ ва тоза сувни билдирувчи Мовий байроққа эга 70 га яқин пляжларидир.

Ҳа, Туркия ўзининг ажойиб курортлари ва соҳиллари билан машҳур. Биз эса ушбу мақолада нега айнан Бодрумда дам олиш кераклиги хусусида еттита сабабни санаб ўтамиз. 

1. Тоза ҳаво ва табиат.

Эгей ва Ўрта ер денгизлари бирлашадиган кўрфаз ичига кириб борган Бодрум яримороли ўзининг мафтункор табиати, тоза ҳавоси билан сизга, албатта, ёқади.

Бодрумда одамни ҳолсизлантирадиган жазирама иссиқ ва намлик йўқ, тунлар ҳам у қадар салқин бўлиб кетмайди. Ёз ойларида кундузлари ҳаво 28-32 даража, тунлари 24-28 даража атрофида сақланади. Бемалол сайр қилиш мумкин.

Ораста ва гулларга бурканган кўчалар эса кўзларингизни қувонтиради.

2. Мовий пляжлар ва бухталар

Бодрум ўзининг тиниқ ва мовий денгизлари, оқ қумли пляжлари билан машҳур. Туркия тозалиги учун тақдим этиладиган Мовий байроққа эга пляжлари билан жаҳонда учинчи ўринни эгаллайди. Бодрумдаги пляжларнинг барчаси Мовий байроққа эга.