АҚШ «Вагнер» туфайли Мали амалдорларига қарши санкциялар киритди
Мали мудофаа вазири ва унинг қўл остидаги ходимлари Украинада «Вагнер гуруҳи»ни билвосита қўллаб-қувватлагани учун АҚШ томонидан санкцияга учради.
АҚШ Молия вазирлиги Мали ҳукмрон ҳарбий хунтасининг уч аъзосига «Вагнер» ХҲК «беқарорлаштирувчи» фаолиятини қўллаб-қувватлагани ва «Вагнер гуруҳи»нинг Украинадаги операциялари манфаатлари йўлида ўз давлати суверен ресурсларидан фойдалангани» учун санкция жорий қилди. Бу ҳақда АҚШ Молия вазирлиги 24 июль, душанба куни расмий сайтида баёнот берди.
Санкция рўйхатига Мали мудофаа вазири полковник Садио Камара, мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари штаби бошлиғи полковник Алоу Бои Диарра ва унинг ўринбосари подполковник Адама Багайоко киритилган. АҚШ маълумотларига кўра, Камара «Вагнер» ХҲКни Малида жойлаштириш лоббичиларидан бири бўлган ва 2021 йилда тегишли келишувни мустаҳкамлаш учун Россияга бир неча бор ташриф буюрган.
Вашингтоннинг таъкидлашича, Мали ҳаво кучлари авиация логистикаси бўлими собиқ бошлиғи Диарра Россия кучларининг Малида бўлиши билан боғлиқ логистика масалаларига «катта ҳисса қўшган». Багайоко, АҚШ Молия вазирлигига кўра, «Вагнер гуруҳи»нинг Малида олтин қазиб олишига ёрдам беришга интилади» ва шунингдек, Малига қўшни Буркина-Фасо республикасида ёлланма аскарларни жойлаштиришга ёрдам беради.
«Ушбу амалдорлар ўз мамлакатлари фуқароларини «Вагнер гуруҳи» беқарорлаштирувчи фаолияти ва инсон ҳуқуқлари бузилишига қарши ҳимоясиз қилиб қўйди, шу билан бирга, ўз давлатларининг суверен ресурсларидан «Вагнер гуруҳи»нинг Украинадаги операциялари манфаатларида фойдаланишга йўл очиб берди», деди АҚШ молия вазирининг терроризм ва молиявий разведка бўйича ўринбосари Брайан Нелсон.
Мавзуга оид
11:00
АҚШда ColdRiver ҳакерларининг 100 дан ортиқ домени блокланди
08:20
АҚШ ва Исроил ЦАҲАЛнинг Эрондаги эҳтимолий нишонларини муҳокама қилмоқда
16:57 / 03.10.2024
АҚШда AirPods қулоқчинлари ўғирланган Ferrari’ни топишга ёрдам берди
20:47 / 02.10.2024