21:48 / 28.07.2023
6674

Қирғизистонда хориж фуқароларини онлайн рўйхатга олиш тизими ишга туширилди 

Хорижлик фуқароларни меҳмонхоналар, ётоқхоналар ва талабалар ётоқхоналарида онлайн тарзда рўйхатдан ўтказишга рухсат берилди. 

Фото: vb.kg

Қирғизистонга борган хорижликлар аҳолини рўйхатга олиш бўлими сайтида онлайн тарзда рўйхатдан ўтиши мумкин бўлади. Бу ҳақда рақамли ривожланиш вазири ўринбосари Жазгул Кийизбаева маълум қилди. 

Унинг сўзларига кўра, Ташқи миграцияни рўйхатга олишнинг ягона тизими бешдан ортиқ вазирлик ва маъмурий идоралар билан интеграциялашган. 

«Қабул қилувчи томон чет эл фуқаросини рўйхатга олиш учун ариза беришга мажбур. Бу Қирғизистон Республикаси фуқароси ёки мамлакатимизда турар-жой ёки нотураржой биноларига эга бўлган чет эл фуқароси бўлиши мумкин. Энди хорижлик фуқароларни меҳмонхоналар, ётоқхоналар ва талабалар ётоқхоналарида рўйхатдан ўтказишга рухсат берилди. Ариза топшириш учун Қирғизистон Республикаси фуқароси Аҳоли рўйхатга олиш департаменти веб-сайти орқали тизимга кириши керак. Авторизация жараёни осон. Фақат шахсий идентификация рақами, электрон почта манзилини киритиш ва алоқа маълумотларини кўрсатиш кифоя», деди Жазгул Кийизбаева. 

Унинг таъкидлашича, ариза тасдиқланганидан кейин 24 соат ичида 120 қирғиз сўми (қарийб 16 минг сўм) миқдорида давлат божи тўлов коди шакллантирилади. 

«Лойиҳадан кўзланган мақсад рўйхатга олиш жараёнида коррупция хавфининг барча турларини нолга тушириш, ташқи миграция ҳисобини такомиллаштириш ва рақамли хизмат кўрсатиш форматига ўтишни тезлаштиришдан иборат», деб хулоса қилди Жазгул Кийизбаева. 

Лойиҳа Қирғизистон Республикаси Рақамли ривожланиш вазирлиги, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва Қирғизистонда Туризмни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ишлаб чиқилган. 

Top