Жаҳон | 18:43
559
3 дақиқада ўқилади

Россияда чет эл фуқароларининг яшаши қоидаларини кучайтирадиган қонун қабул қилинди

Ҳудуд ва қарамоғидаги ҳар бир оила аъзосини ҳисобга олган ҳолда яшаш минимумидан кам бўлмаган мажбурий даромад талаби жорий этилмоқда. Ушбу шартларга риоя қилинмаган тақдирда, патент берилмайди ёки узайтирилмайди, меҳнат шартномаси бекор қилинади, яшаш муддати эса қисқартирилиши ёки яшаш учун рухсатнома бекор қилиниши мумкин.

Фото: Дмитрий Духанин, Коммерсантъ

Россия Давлат Думаси патент бекор қилинган ёки узайтирилмаган тақдирда Россиядан чиқиш учун 15 кунлик муддатни белгилайдиган, шунингдек, чет эллик ишчиларга ўзини ва оила аъзоларини минтақавий коэффициентли яшаш минимумидан паст бўлмаган даражада таъминлаш мажбуриятини юклайдиган қонунни қабул қилди. Бу ҳақда Давлат думаси расмий сайти хабар берди.

Энг қаттиқ норма меҳнат мигрантларининг оилаларига тегишли. Агар патент ёки ишлаш учун рухсатнома бекор қилинган ёки узайтирилмаган бўлса, чет эллик шахс вояга етмаган фарзандлари, шу жумладан фарзандликка олинган ёки васийликда бўлган фарзандлари билан бирга 15 кун ичида Россияни тарк этиши шарт.

Қонун чет элликларни махсус коэффициентга тузатиш киритилган ҳолда минтақадаги яшаш минимумидан кам бўлмаган миқдорда даромад олишга мажбур қилади. Агар мигрант бир вақтнинг ўзида иккита субъектда ишласа, ҳисоб-китоб энг катта кўрсаткич бўйича олиб борилади. Бунда даромад миқдори ҳудуд бўйича ўртача ойлик иш ҳақидан ошмаслиги керак.

Агар чет эл фуқаросининг даромадлари ушбу даражадан паст бўлса, меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳисобланади ва Россияда бўлиш муддати қисқартирилади.

Агар чет эл фуқаросининг даромади тўғрисида маълумотлар бўлмаса ёки унинг даромади белгиланган энг кам миқдордан паст бўлса, патент берилмайди ва узайтирилмайди.

Қонун даромадларни назорат қилиш механизмини жорий этади. Солиқ органлари мигрантларнинг календар йилининг уч, олти, тўққиз ва ўн икки ойидаги даромадлари тўғрисидаги маълумотларни Ички ишлар вазирлигига (ИИВ) юборади. Россия Ижтимоий жамғармаси уларнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади. ИИВ даромаднинг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги, унинг даражаси, шунингдек ЖШДС бўйича қатъий белгиланган бўнак тўлови тўланганлиги фактини текшириш ҳуқуқини олади. Текширувлар тартиби ва муддатларини идора мустақил равишда тасдиқлайди.

Агар вақтинча ёки доимий яшовчи чет эл фуқаросининг вақтинча яшаш учун рухсатнома (ВВП) ёки яшаш учун рухсатнома (ВНЖ) берилган кундан бошлаб бир йил давомида даромадлари яшаш минимумидан паст бўлса, бу ҳужжатлар бекор қилинади. Кундузги талабалар, пенсионерлар, меҳнатга лаёқатсизлар, вояга етмаганлар ва бошқа бир қатор тоифалар бундан мустасно. Шунингдек, агар чет эллик ишсиз қолса, лекин уч ой ичида янги иш топса ва унинг даромадлари талабларга жавоб берса, рухсатнома бекор қилинмайди.

Нормаларнинг асосий қисми 2027 йил 1 январдан кучга киради. 2027 йил 1 мартдан бошлаб ўзини ва оиласини яшаш минимумидан кам бўлмаган даражада таъминлаш мажбурияти тўғрисидаги қоидалар, шунингдек, яшаш муддатини қисқартириш механизми жорий этилади. Давлат органлари ўртасида маълумотлар алмашинуви тўғрисидаги нормалар қонун расмий эълон қилинганидан кейин 90 кун ўтгач кучга киради.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид