Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Озарбойжонни Лочин йўлагини блокададан чиқаришга чақирди
АҚШ Давлат департаменти раҳбари Озарбойжон президенти билан суҳбатда Тоғли Қорабоғ аҳолисига инсонпарварлик ёрдами етказилиши учун муқобил йўллар бўйича муроса топиш зарурлигини таъкидлади.
29 июль куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан суҳбатда Тоғли Қорабоғдаги гуманитар вазиятдан чуқур хавотир билдирди, деб хабар бермоқда 30 июль, якшанба куни АҚШ ташқи сиёсат идораси матбуот хизмати.
Давлат департаменти матбуот котиби Метю Миллер шундай деди: «Давлат котиби Блинкен Лочин йўлаги орқали тижорат, ҳуманитар ва хусусий транспорт воситаларининг эркин ўтишини таъминлаш ва ҳуманитар юклар Тоғли Қорабоғ аҳолисига етиб бориши учун муқобил йўналишларда муросага келиш зарурлигини таъкидлади». Унинг сўзларига кўра, Америка дипломатияси раҳбари Тоғли Қорабоғ бўйича «барча томонлар тинчлик музокараларининг ижобий динамикасини сақлаб қолиши» муҳимлигига ҳам ишора қилган.
Лочин йўлаги Арманистонни Тоғли Қорабоғ билан боғлайдиган ягона йўлдир. 2022 йил 12 декабрда уни Озарбойжон байроқларини кўтариб, ўзини экофаоллар деб атаган одамлар тўсиб қўйди. БМТ Халқаро суди раиси Жоан Донохюнинг қайд этишича, блокада озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа ҳаётий товарлар танқислигига олиб келган.
23 апрель куни Боку Хакари кўпригида назорат-ўтказиш пункти ўрнатди ва буни «инсон кучи, қурол-яроғ ва миналарнинг ноқонуний олиб ўтилишини олдини олиш» зарурати билан асослади. Ўз навбатида, Арманистон бу каби айбловларни қатъиян рад этиб, Озарбойжон 2020 йилги сулҳ битимини қўпол равишда бузаётганини билдирди. Шу билан бирга, Ереван Россияни ўз мажбуриятларини бажаришга чақирди, унга кўра, Лочин йўлаги Россия тинчликпарвар кучлари назорати остида бўлиши керак.