Жаҳон | 23:40 / 31.07.2023
17957
3 дақиқада ўқилади

Зеленский: Россия Украинани босиб олишга қодир эмас, лекин кейинроқ бу ғояга қайтиши мумкин 

Украина президенти Володимир Зеленский Россия ўз мамлакатини тўлиқ босиб олиш ва йўқ қилишга қодир эмас деб ҳисоблайди. 

Фото: president.gov.ua

Бу ҳақда давлат раҳбари Бразилиянинг Globo телерадиокомпаниясига берган интервьюсида айтиб ўтди. Хусусан, Зеленскийдан Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши билан Суриядаги уруш орасида ўхшашлик ҳақида сўралди. Президент Сурия билан содир бўлган воқеа Украина билан юз бериши мумкин эмаслигини таъкидлади. 

«Бундай бўлмайди. Путин шунча йил яшамайди. Ва у Сурияда биз билан курашаётган суръатда жанг қилмади. Гарчи даҳшатли уқубат ва вайронагарчиликлар келтирган бўлса-да, бу бошқа уруш», деди Зеленский. 

Давлат раҳбари фикрига кўра, Украинадаги урушни Сурияда содир бўлаётган воқеалар билан таққослаб бўлмайди, чунки Россия Украинага бутун армиясини йўлламоқда. 

«Бизнинг заминимизга бутун армия келди. Бу армиянинг таянчини Украина ҳарбийлари ва халқи фронтда ва кўчада максимал даражада йўқ қилди. Менимча, дунё Сурия фожиаси атрофида бирлашди, деб ўйламайман. Менимча, бу катта хато бўлди. Дунё урушни қаердадир, узоқда бўляпти, деб ўйласа, бу ҳар доим катта хато», деди Зеленский. 

Давлат раҳбари урушда Украина садоқат билан озодликни ёки ўлимни танлаганини қўшимча қилди. 

«Путин дош беролмайди. 30 йилдан кейин у бўлмайди. Ўлади. Бу бутунлай тушунарли. Лекин у 10 йил ҳам яшай олмайди. Энди у аввалгидек эмас. Уларнинг жанг майдонидаги барча ҳаракатлари бугунги кунда Россия Украинани тўлиқ босиб олишга ва йўқ қилишга қодир эмаслигини кўрсатмоқда. Улар бунга қодир эмаслигини аллақачон тушуниб етган. Уруш бошланганида улар бунга қодир эди», деди Зеленский. 

Зеленский келажакда руслар Украинани босиб олиш ғоясига қайтиши мумкинлигини таъкидлади. 

«Бунинг учун улар нафас ростлаб олиши керакми? Ҳа! Уларга куч тўплаш учун вақт керакми? Ҳа! Уларга санкциялар олиб ташланиши учун вақт, шунингдек, дунёнинг қайсидир жойидан сиёсий мадад керакми? Ҳа! Бундан ташқари, буларнинг барчасига Украина жим қараб туриши керак. Аммо Украина жим турмайди, Украина ҳаракат қилади», деди Зеленский. 

Украина раҳбари сўзларига кўра, украиналикларнинг ҳозирги авлоди русларга аввалгидек кучли бўлиш имкониятини бермайди. 

Мавзуга оид