Жаҳон | 11:54 / 01.08.2023
8709
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ва «Толибон» иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари ва гиёҳванд моддалар масаласини муҳокама қилди

Қўшма Штатлар «Толибон» билан иқтисодий барқарорлик ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш бўйича музокараларни давом эттиришга тайёрлигини билдирди. «Толибон» Афғонистон марказий банкининг хорижий активларини қайтаришни талаб қилди. 

Фото: AFP

АҚШ ва Афғонистондаги ҳукмрон «Толибон» ҳаракати вакиллари Қатар пойтахти Доҳада икки кунлик музокаралар учун йиғилди. АҚШ Давлат департаментининг 1 август, душанба куни йиғилиш биринчи раунди якунланганидан сўнг маълум қилишича, Вашингтон «Толибон» билан иқтисодий барқарорлик ва наркотик моддалар савдосига қарши кураш бўйича кейинги техник музокаралар учун очиқ.

Давлат департаменти Афғонистондаги молиявий аҳвол яхшилангани, жумладан, инфляция даражасининг пасайиши, шунингдек, 2022 йилда жорий этилган тақиқ доирасида кўкнори етиштириш камайтирилганини юқори баҳолади ва гиёҳвандликка қарши курашда ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

Шу билан бирга, Қўшма Штатлар Афғонистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашаётганидан хавотир билдирди ва «Толибон»ни қизларнинг ўрта таълим олишига қўйилган тақиқни бекор қилиш, аёлларнинг ишга киришига рухсат бериш ва ҳибсга олинган америкаликларни озод қилишга чақиришини такрорлади.

Ўз навбатида, «Толибон» толиблар етакчиларига қўйилган сафар қилиш бўйича тақиқ ҳамда бошқа чекловларни олиб ташлаш, Афғонистон марказий банкининг хорижий активларини қайтаришга чақирди, дея хабар берди Кобул ҳукумати.

Мавзуга оид