Ўзбекистонда жиддий оқибатлар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари сонини 2030 йилгача камида 50 фоизга камайтириш режалаштирилмоқда. Бу – муҳокама учун эълон қилинган Ўзбекистон–2030 стратегияси лойиҳасида кўрсатилган.

Стратегияни 2023 йилда амалга ошириш чоралари тўғрисидаги қарор лойиҳасига кўра, 2024 йилда жиддий оқибатлар билан боғлиқ ЙТҲлар сонини 10 фоизга камайтириш кўзда тутилган.

Лойиҳалардан 2023 йил учун мақсадли кўрсаткич ўрин олмаган. Феврал ойида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ўз олдига 2023 йилда ЙТҲлар ва улардаги ўлимлар сонини 15 фоизга камайтиришни мақсад қилиб қўйган эди. Лекин амалда бунинг акси кузатилмоқда.

28 июл куни президент ўтказган йиғилишда айтилган рақамларга кўра, йилнинг 1-ярмида 4 мингга яқин автоавариялар содир этилиб, уларда 873 киши ҳалок бўлган, 3,5 мингдан ортиқ одам жароҳатланган.

Бу – ўтган йилги кўрсаткичлардан сезиларли юқори. 2022 йилнинг 1-ярмида қайд этилган 355 та ЙТҲда 784 киши ҳалок бўлиб, 2775 киши жароҳат олганди.

Ўтган ҳафтадаги йиғилишда президент ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Олим Саидовга ҳайфсан берди. Жиззах, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари ЙҲХБ бошлиқлари лавозимидан олинди.

«Ўғлимнинг ўрнида фарзандингиз ҳам бўлиши мумкин эди» – Тошкентда ЙТҲ сабаб вафот этган ўсмирнинг отаси