Белгиларсиз «соқов» йўллар, «тонировка» масаласи, йўл ҳаракати иштирокчиларидаги стресслар, ўлим ҳолати кузатилгандан кейингина айрим кўчаларда светофорларнинг ўрнатилиши, ЙПХ ходимларининг исталган ҳолатни судга ошириб юбориши ҳолатлари ҳақида Kun.uz адвокат ва йўл ҳаракати фаоли Камолиддин Бахавадинов билан cуҳбат уюштирди.

— Ўзбекистонда йўл инфратузилмаси, йўл белгилари билан боғлиқ ҳолат қандай?

— Биз оқибатлар билан эмас, сабаблар билан курашишни бошласак, нимадир ўзгаради. Аммо биз ҳали буни бошламадик. Кўраётган, эшитаётган воқеаларимиз ҳали ҳам оқибатлар билан ўралашиб юрганимизни кўрсатяпти. ЙТҲлар юз беришида асосий омиллардан бири йўл инфратузилмаси ҳисобланади. Қоидалар, белгилар рисоладагидек бўлса-да, инфратузилма қониқарсиз бўлса, қонли статистика бўйича етакчи ўринларда бўлаверамиз.

Инфратузилма масаласи доим долзарб бўлган. Йўл белгилари қайсидир маънода ҳайдовчи билан гаплашади. Хўш, йўллар «соқов» бўлса-чи? Яқинда Ангрен шаҳрига бориб келдим. Мобил иловалар орқали етиб олдим манзилга, йўл белгилари етарли эмас эди чунки. Мобил иловалардан фойдаланишда ҳайдовчининг эътибори бўлинади. Йўлда эса сониялар муҳим рол ўйнайди, бундай ҳолатда эса эътибор бўлиниши ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Белгилар бўлмаган йўлда ҳайдовчи катта хавотир билан ҳаракатланади, босим бўлади.

«Соқов» йўлларда ҳайдовчи қийналади ва бир нечта жарима билан манзилга боради, чунки қаерда нима қилиш кераклигини, нима борлигини билмайди у. Қоидага амал қилишни талаб этишдан олдин ўша қоидаларни рисоладагидек кўрсатиб бера олишлари керак.

— Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўлларда йўл белгилари йўқ. Агар мобил иловалардан фойдаланмаса, билмаган ҳайдовчи манзилни топиб боролмайди. Аэропорт ёки вокзалларга йўналтирувчи белгиларни кўрмайсиз, шу сабаб ҳам йўл белгилари масаласини очдик.

60 км тезлик ва «тонировка» масаласига тўхталсак. Бу борада аллақачон қарорлар қабул қилинган, амалиётда қўлланяпти. Хўш, бунинг натижалари қандай бўляпти?

— Тезлик масаласи жуда баҳсли ҳолат. Бир неча давлатлар тажрибасини ўрганиб чиқдим. 60 км/с тезлик белгиланган бўлса-да, 80 кмдан ошгандагина жарима чораси қўлланади. Демак, оралиқ оғиш тезлиги 20, бизда эса бу 5. Ўзи нима учун оралиқ оғиш тезлиги керак? Чунки бунда барибир инсон омили бўлади ва тезлик педалини бир хилда босолмайди киши, тезлик ўзгариб туради. Биздаги оралиқ оғиш тезлиги 5 км/соатни ушлаб туриш қийин, кўпчиликка шунинг ортидан жарималар келяпти.