Манфаатлар тўқнашуви – нима у?
Жамиятга катта зарар келтирадиган иллатлардан бири – манфаатлар тўқнашуви. У бор жойда соҳалар ривожланиш ўрнига, орқага кетади, миллат потенциали заволга учрайди. Kun.uz'нинг навбатдаги мултфилмида шу иллат ҳақида сўз юритилади.
Дейлик, бир одам бир вақтнинг ўзида ҳам бирон соҳа вазири бўлиб ишлаяпти, ҳам ўша соҳада тадбиркорлик қиляпти. Бунинг нимаси ёмон? Балки у бу билан ўша соҳани ривожлантираётгандир, ишчи ўринлари яратаётгандир?
Гап шундаки, жамият вазир қилиб тайинлаган одамнинг қўлига соҳани ривожлантириш учун, хусусан соҳа вакилларига ёрдам бериш учун имконият, ваколат ва ўз ҳамёнидан маблағлар беради. Вазир имкониятлардан фойдаланиб, қонунларга мос равишда соҳани ривожлантириши, соҳа вакилларига адолат билан ёндашиши керак. У айнан шу учун жамият томонидан барча керакли нарсалар билан таъминланади.
Энди тасаввур қилинг, битта одам ҳам вазир, ҳам тадбиркор бўлса!
Тадбиркор – бирон-бир иқтисодий фаолият юритиб, ўз маблағларини кўпайтириш билан шуғулланадиган одам. Айнан шундай одамни биз “тадбиркор” деймиз, бошқачаси тадбиркор бўлмайди.
Энди бир инсон ҳам тадбиркор, ҳам жамият томонидан соҳани ривожлантириш учун вазир қилиб қўйилган одам бўлишини тасаввур этинг! Бу ерда битта одамнинг ичида вазифалар қарама-қарши келяпти.
Мана шу ҳолат “манфаатлар тўқнашуви” деб аталади ва жамият зарарига хизмат қилгани учун, барча соғлом жамиятларда... қораланади, чекланади, ман қилинади.
Чунки битта одам ҳам вазир, ҳам тадбиркор бўлса, у жамият унга берган имконият ва маблағларни ўз шахсий фойдаси учун сарфлайди – ахир бу ҳолатда вазирнинг ичида тадбиркор ҳам ўтирибди ва у ўз сўзини айтади. Бу чигаллик нафақат жамият учун зарарли, балки бу одамни ҳам еб тугатади, чунки бунда шахс иккига бўлиниб қолади-да. Шахс иккига бўлиниб қолиши бу – оғир руҳий касаллик.
Жамият эса бу ҳолатдан жиддий зарар кўради: манфаатлар тўқнашуви оқибатида соҳалар ривожланиш ўрнига, якка шахсларнинг дала ҳовлисига айланиб қолади: мансаб имкониятидан фойдаланиб, якка шахслар... ўзларига ўзлари “ёрдам” бера бошлайди, бошқаларни эса соҳадан чиқариб юборади, янада бошқаларнинг соҳага киришига йўл бермайди, қариндошлар ва дўстлар воситасида бутунбошли соҳалар ўзлаштириб олинади.
“Улар иш ўринлари яратяпти” деган ишонч эса мутлақо алдамчи, чунки аслида соҳалар тўғри, соғлом, рақобатли кўриниш олса, иш ўринлари бундан кўп баробар ортиғи билан юзага келади, бозор иқтисодиётининг “шахсий манфаатдорлик” деган стимули эвазига. Буни дунё тажрибаси исботлаб бўлган.
Манфаатлар тўқнашуви бор жойда эса фақат орқага юриш кузатилади, жамият ўз ҳамёнидан ажратган маблағлар ҳавога учади, адолатсизлик кўпчийди, ўзаро ишонч сўнади. Хуллас, арзимайди...
Шокир Шарипов
Мавзуга оид
12:38 / 20.12.2024
Исломий молия – нима у? — Kun.uz'да янги мултфилм
10:05 / 13.12.2024
«Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонуннинг жамият ва давлат учун аҳамияти
16:21 / 12.11.2024
1,5 мингга яқин бошқарув ходими қонунга зид тарзда тадбиркорлик қилаётгани аниқланди
21:23 / 19.09.2024