Жаҳон | 19:18 / 02.08.2023
19333
12 дақиқада ўқилади

АҚШда 2024 йилги сайловларда учинчи номзод пайдо бўлиши мумкин: У Байден ва Трампни енга оладими?

АҚШда ўтадиган навбатдаги президентлик сайловларигача бир йилдан сал зиёд вақт қолди. Праймериз натижалари амалда ҳал қилиб бўлинган дейиш мумкин: демократлар барибир Жо Байден номзодини кўрсатишади, республикачилар эса табиийки, Доналд Трампни.

Олдинги сайловолди дебатлари. Фото: Jim Bourg / Getty Images

Бу сиёсатчилар курашининг навбатдаги раундидан толиқиш учинчи номзод илгари сурилишига олиб келиши мумкин — мўътадил платформага эга бўлган No Labels сиёсий гуруҳи бундай кампания учун аллақачон маблағ тўплашни бошлаб юборган.

«Медуза» нашри аввалги бундай уринишлар ҳақида ҳикоя қилиб, марказчи номзоднинг имкониятлари, қандайдир бошқа номзоднинг илгари сурилиши Байден ва Трампга халақит бера олиш-олмаслигини таҳлил қилди.

Нега АҚШда икки номзоддан бири танланади? Доим шундай бўлганми?

Америка сиёсатида доимо икки партия етакчилик қилиб келган. Улар вақт ўтиши билан ўз мафкурасини ўзгартириши, таназзулга учраши ҳам мумкин, бироқ сайловда ғалаба учун фақат шу иккиси курашиб келган. Аввалига улар федералистик ва демократик-республикачилар партияси деб аталган. Сўнг биринчиси аҳоли қўлловидан мосуво бўлиб тарқаб кетган, иккинчиси эса виглар ва демократларга бўлинган. XIX аср ўрталарида виглар партияси қулдорликка турлича муносабат туфайли бўлиниб кетган, партия аъзоларининг бир қисми республикачилар партиясини тузган ва у ҳануз Америка сиёсатида демократик партия билан пайдар-пай ҳукмронлик қилиб келмоқда.

Икки партияли тизим сайловларни ўтказиш қоидалари туфайли шаклланган. Президент сайловларидан ташқари АҚШда барча сайловлар битта турда ўтказилади: оддий кўпчилик овозни олган номзод ғалаба қозонади. Шу сабабли сиёсатчилар икки асосий партиядан бирига қўшилишни афзал билишади, сайловчилар эса муқобил номзодларга ўз овозини тақдим этишдан маъни кўришмайди. Сиёсатшуносликда бу ҳодиса Дюверже қонуни деб аталади.

АҚШда бошқа партиялар мавжуд бўлиши тақиқланмаган, шу сабабли ҳар сайловда ўнлаб бошқа бирлашмалардан ҳам номзодлар кўрсатилади. Одатда уларни камсонли сайловчилар қўллашади, бироқ Конгрессга бир неча бор гринбекерлар, популистлар, социалистлар, прогрессистлар партияларидан вакиллар сайланишган. Алалоқибатда уларнинг барчаси қайта сайлана олишмаган ёки демократ ва республикачиларга қўшилиб кетишган. Конгрессга аҳён-аҳёнда партиясиз сиёсатчилар ҳам сайланиб қолишади — масалан, айни пайтда АҚШ сенатида икки нафар мустақил аъзо бор, улардан бири Вермонтдан сайланган демократ-социалист Бёрни Сандерс.

Бошқа овоз бериш жараёнларидан фарқли ўлароқ, АҚШ президенти сайловлари икки босқичли тизимда ўтказилади: президентни сайлов вакиллари коллегияси аниқлайди. Унга штатларнинг аҳолисига қараб пропорционал тақсимланган 538 киши аъзо. Ҳар бир сайлов вакили унинг штатида оддий кўпчилик овоз билан ғолиб чиққан номзод учун овоз беришга мажбур. Ғолиб чиқиш учун номзодга сайлов вакилларининг ярмидан кўпроғининг овози зарур. Бундай тизим икки партиянинг рақобатга киришишини рағбатлантирибгина қолмасдан, сайловни турли сохталаштиришлардан ҳам ҳимоя қилади.

Жорий қоидалар қабул қилинганидан буён фақат бир марта сайлов вакиллари коллегияси президентни сайлай олишмаган: 1824 йилда сайловда тўрт номзод иштирок этган ва уларнинг ҳар бири турли штатларда ғалаба қозонишган. Ўша йили президентни Конгресснинг қуйи палатаси овоз бериш йўли билан сайлаган. Шундан сўнг «учинчи партиялар» номзодлари гарчи сайлов вакилларига президентни сайлашда халақит бера олишмаган бўлса-да, бир неча бор вазиятни жиддий тарзда чигаллаштиришган.

Масалан, 1860 йилда — фуқаролар урушидан аввал тўрт номзоддан ҳар бири камида бир штатда бўлса ҳам ғалаба қозонган ва Авраам Линколнга сайлов вакиллари коллегиясининг кўпчилик овозини йиғиш учун 39,8 фоиз овоз тўплаш етарли бўлган. 1912 йилда эса президентлик курсига қайтишга уринган Теодор Рузвелт республикачилар электорати бўлинишига сабаб бўлган ва демократ Вудро Вилсоннинг ғалабасини таъминлаб қўйган. Худди шундай вазият 1968 йилги сайловларда ҳам кузатилган. Ўганда собиқ демократ Жорж Уоллес республикачи Ричард Никсонга ишончли ғалаба қозонишга кўмаклашиб юборган.

Авраам Линколн Стивен Дуглас билан дебатлар чоғида. 1858 йилнинг 7 октябри. Фото: Authenticated News / Archive Photos / Getty Images

Ўшандан буён энг муваффақиятли учинчи номзод бизнесмен Росс Перо бўлган. У 1992 йилда сайловчиларнинг қарийб 20 фоиз овозини тўплаган. Гарчи у штатларнинг бирортасида ғалаба қозона олмаган ва сайлов вакилларининг овозига эга бўлмаган бўлса ҳам. Узоқ йиллар давомида Америка сиёсатида Перо республикачилар вакили, катта Жорж Бушнинг қайта сайланишига халақит берган, деган миф мавжуд эди. Аслида у Бушдан ҳам, сайловда ғалаба қозонган Билл Клинтондан ҳам тенг овозларни ўзи томон оғдира олган.

1992 йилдан сўнг учинчи номзодлар фақат спойлер кўринишида намоён бўлди. 2000 йилда демократ Алберт Гор сайловчиларнинг кўпчилик овозини қозонишга муваффақ бўлди, бироқ Флоридада 537 та овоз ортда қолгани боис сайлов вакиллари коллегияси овозини тўплашда ютқазди; ўша сайловда сайловчиларнинг уч миллион овозини, жумладан, Флоридада 100 минг овозни яшиллар партияси вакили Ралф Нейдер тўплаган. Унинг маслаҳатчиси мақсад демократларга халақит бериш эканлигини очиқчасига айтган. Ўшанда кичик Жорж Буш президент этиб сайланган эди.

Шунга ўхшаш ҳолат 2016 йилги сайловларда ҳам рўй берди: демократ Ҳиллари Клинтон учун сайловчиларнинг кўпроқ қисми овоз беришган, бироқ сайлов вакиллари коллегияси овозлари бўйича республикачи Доналд Трамп ундан ўзиб кетган. Яна айб яшиллар партиясига қўйилди: ундан кўрсатилган номзод Жилл Стайн Клинтон хоним учун етарли бўлиши эҳтимоли катта бўлган бир ярим миллион овозни тўплаганди.

Учинчи номзодда 2024 йилда имконият борми?

Жо Байден ва Доналд Трамп АҚШ аҳолиси орасида у қадар севимли эмас, бироқ партиядошлари ичида уларнинг ҳар бири 80 фоизлик қўлловга эга, шу сабабли улар 2024 йилги сайловлар праймеризида яққол фаворитлар сифатида кўрилмоқда. Бу учинчи номзодни илгари суриш учун шароитлар яратиши ҳам мумкин. Эҳтимол, демократлар ва республикачилар етакчиларига кўринарли муқобил номзодлар ўнгдан ҳам, сўлдан ҳам пайдо бўлар, бироқ энг кенг миқёсли кампанияни марказчилар аллақачон бошлаб юборишди.

No Labels нотижорат ташкилоти 2010 йилда партиялараро мулоқотни кучайтириш учун пайдо бўлди. 2017 йилда унинг воситачилигида Problem Solvers Caucus — вакиллар палатасида ҳар икки партиядан 60 дан зиёд марказчилар аъзо бўлган мини-фракция тузилди. ННТ пайдо бўлганидан буён уни собиқ демократ Нэнси Робинсон бошқаради, 2020 йилдан унинг директорлар кенгашига Мэриленднинг собиқ республикачи губернатори Ларри Ҳоган ва ўзининг марказчи қарашлари билан машҳур демократ сенатор Жо Либерман аъзо бўлишган. Энди No Labels Байден ва Трампни ўта сўл ва ўта ўнг деб атамоқда ҳамда ўзининг мўътадил номзодини илгари суришни режалаштирмоқда. Эҳтимолли номлар орасида банк бошқарувчиси, собиқ республикачи губернаторлар ва ҳаттоки амалдаги демократ сенаторлар ҳам саналмоқда.

No Labels тарафдорларининг Вашингтонда ўтказган митинги. 2011 йилнинг 18 июли. Фото: Jacquelyn Martin / AP / Scanpix / LETA

Ташкилот аллақачон потенциал президентлик сайловолди кампанияси учун 70 млн доллар тўплаган. Бу сумма тизимли сиёсатчилар штаби ихтиёрида бўлган бюджет билан қарийб тенг, аммо улар оддий фуқароларнинг хайрияларига таянадиган бўлишса, No Labels’ни асосан йирик бизнес вакиллари молиялаштирмоқда. Гуруҳ аллақачон Аризона, Колорадо, Аляска ва Орегонда ўз номзодини қайддан ўтказиш имконини қўлга киритган ва қолган штатларда ҳам имзо тўплашни давом эттирмоқда, Флорида ва бошқа бир неча ҳудудларда партия бўлинмаларини ҳам қайддан ўтказмоқда.

Сўровномаларнинг билвосита маълумотлари сайловчиларнинг марказчи сиёсатчиларга бўлган потенциал талабини кўрсатмоқда. Gallup сўровномаларида респондентларнинг 56 фоизи таъсир кучига эга учинчи партияни кўришни исташаётганини айтишган, NBC News сўровномаларида турли сабабларга кўра Трамп ва Байденнинг номзоди илгари сурилишига қарши мос равишда респондентларнинг 60 ва 70 фоизи қарши чиқишган. Лекин, айрим ҳисоб-китобларга кўра электорат орасида реал мўътадил мустақил сайловчилар улуши 5 фоиздан ошмайди. Ўша No Labels буюртмаси билан ўтказилган сўровномада сайловчиларга жуда яхши таниш Байден ва Трамп абстракт марказчи билан солиштирилган — шу ҳолатда ҳам у катта фарқ билан ортда қолиб, учинчи ўринни эгаллаган. Тадқиқотчилар фикрича, мустақил сайловчиларнинг кўпчилиги барибир сайловнинг сўнгги онларида демократлар ва республикачилар номзодидан бирини танлайди.

Учинчи номзод Байден ва Трампга кураш таклиф эта олмайди, бироқ улардан бирига ёрдам бериши мумкин. Problem Solvers Caucus’га аъзо демократ конгрессменлар Байденнинг қайта сайланишини қўллашларини эълон қилишди, No Labels’дан кўрсатиладиган номзодни эса Трампга ғалаба қозонишда ёрдам берувчи спойлер деб аташди. Оқ уй ҳам марказчини таҳдид деб билади ва ҳаттоки аксилтрампчи республикачилар билан мўътадил номзоднинг илгари сурилишидан огоҳлантириш умидида музокаралар ўтказмоқда. Бироқ No Labels’дагилар бу айбловларни рад этишмоқда: ННТдагилар марказчи номзод ҳар икки партиядан овозларни тортиб олиб, сайловда ғалаба қозониши мумкинлигини айтишмоқда. HarrisX тадқиқот маркази тадқиқотига кўра, бунинг учун номзод сайловчиларнинг 37 фоиз овозини тўпласа бас.

Яна кимдир номзод кўрсатиши мумкинми?

Ҳатто No Labels ўз номзодини илгари суриш фикридан қайтган тақдирда ҳам, Трамп ва Байден сайловдаги ягона номзодлар бўлишмайди. Ҳар сайловда бўлгани каби юзлаб камтаниқли сиёсатчилар ва пранкерлар қатнашиш учун ариза топширишади, гарчи уларнинг деярли барчаси штатларнинг аксариятида сайлов бюллетенларига номлари битилишига эриша олмаса ҳам. Ҳозир ҳам шундай бўлмоқда.

Бундай номзодлардан энг таниқлиси — ўзини насроний социалист сифатида тақдим этаётган активист ва файласуф Корнел Уэстдир. У сўл Халқ партиясидан номзод бўлиб, яшиллар партияси қўлловидан умид қилмоқда, 2016 йилда номзодини илгари сурган Жилл Стайн эса унга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам бермоқда. Демократлар Уэстни Байденни овозлардан маҳрум этиши мумкин яна бир спойлер, деб аташмоқда.

Бундан ташқари, сайловларда праймеризда ютқазган номзодлар ҳам иштирок этиши мумкин. Демократлар орасида антиваксер Роберт Кеннеди бунга жазм этиши эҳтимоли бор. Кеннеди у қадар машҳур бўлмаган чоғда демократларнинг 20 фоизи социологларга праймеризда унга овоз беришларини маълум қилишган: бу ўринда машҳур фамилияси ёрдам бериб юборган. Энди турли машмашалар кетма-кетлигидан сўнг унинг рейтинги демократлар орасида тушиб кетди, лекин у кўплаб республикачиларга ёқа бошлади. Унинг штаби асосан консерваторлар шарофати билан 6,5 млн доллар тўплашга муваффақ бўлган.

Республикачилардан ҳам праймеризда қатнашаётган кимдир ўз номзодини мустақил равишда илгари суриши мумкин. Партия аппарати барча қатнашувчилардан дебатлар ўтказишни талаб қилади ва ғолибни қўллаб-қувватлашини ваъда қилган. Дебатлар 23 августда бўлиб ўтади, бироқ ҳужжатни шу пайтгача на Трамп, на унинг рақобатчилари имзолашган.

Қолаверса, Трамп праймеризда ғалаба қозонган тақдирда ҳам, унга мақсадли зарар етказишни истаган республикачилар ҳам президентликка ўз номзодларини илгари суришлари мумкин. Собиқ конгрессвумен Лиз Чейни потенциал спойлер сифатида тилга олинмоқда. У Трампни танқид остига олгач, уни фракциядаги мансабидан маҳрум қилишган, сўнгра 2021 йилнинг 6 январида Капитолийни штурм қилишни суриштиришдаги иштироки учун партиядан ҳам ҳайдашган. Унинг ўзи ҳам номзодини илгари суриш имкониятини рад этмаяпти ва Трампнинг Оқ уйга қайтиб келишига йўл қўймаслик кераклигини таъкидламоқда.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид