19:54 / 02.08.2023
2224

«Сизлар учун боримни бердим». Буффон фаолиятини якунлаганини эълон қилди

Жанлуижи Буффон 45 ёшда футболчилик фаолиятини якунлагани ҳақида расман маълум қилди.

Фото: Getty Images

«Ва ниҳоят тугади, халқ! Сиз менга барчасини бердингиз, мен эса сизлар учун боримни бердим. Буни биргаликда бажардик», - дея ёзади жаҳон чемпиони саналмиш афсонавий дарвозабон.

Ўтган мавсумда «Парма» жамоаси шарафини ҳимоя қилган италиялик посбон футболчилик фаолиятини бошлаган клубида «бутсасини михга илди». У 1995 йилда «Парма» сафида илк марта катта футболда майдонга тушиб, 2001 йилга қадар жамоа шарафини ҳимоя қилди.

Бу клубдан эса 23 ёшида рекорд трансфер – 52 миллион евро эвазига «Ювентус» сафига қўшилиб, 2018 йилгача Турин клуби шарафини ҳимоя қилди. Бир йил «ПСЖ»да фаолият юритган голкипер 2019 йил «Ювентус»га қайтганди. У туринликлар сафида 10 карра А Серия чемпионлигини қўлга киритган.

2010 йил Буффон Италия миллий жамоаси сардорига айланган бўлса, 2018 йилда миллий жамоадан кетишини эълон қилганди. 

У фаолияти давомида 5та жаҳон чемпионатида (1998, 2002, 2006, 2010, 2014) қатнашган. 2006 йил Германияда ўтган мундиалда бош совринга эга чиқиб, турнирнинг энг яхши дарвозабонига айланганди. 

Сўнгги икки мавсумда эса Буффон В Сериядаги «Парма»да 44 ўйинда майдонга тушди.

Top