Жамият | 16:53 / 03.08.2023
32181
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон компанияси Туркиядаги кўргазмада антидрон тизимларини намойиш этди

Истанбул шаҳридаги “Tuyap” кўргазмалар марказида 2023 йилнинг 25-28 июль кунлари IDEF-2023 16-Халқаро мудофаа ва хавфсизлик саноати кўргазмаси бўлиб ўтди.

Мазкур кўргазмада 55 мамлакатдан 1461 хорижий компания ва 81 хорижий мамлакатдан 189 расмий делегация иштирок этди. Жумладан, тадбирда халқаро эътиборга эга бўлган Германиянинг “Rohde & Schwarz”, Франциянинг “Airbus” ва “MBDA”, Туркиянинг “Aselsan”, “Roketsan” ва “Nurol Makina” компаниялари, Покистон, Хитой, БАА, Миср ва бошқа давлатлар мудофаа саноати компаниялари ўз маҳсулотларини намойиш этишди.

Ушбу нуфузли компаниялар қаторида мамлакатимизда учувчисиз учиш аппаратларига қарши стационар ва портатив тизимлар ишлаб чиқараётган “Electronic Autonomous Solutions” компанияси IDEF-2023 кўргазмасида экспонент сифатида иштирок этди ҳамда антидрон тизимларни жаҳон миқёсида намойиш этишга муваффақ бўлди.

Тадбир доирасида “Electronic Autonomous Solutions” компаниясининг вакиллари Туркия, Испания, Италия, Польша, Хитой, Бангладеш, Миср, Марокаш, Молдавия, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа давлатлар компаниялари ва расмий делегациялари билан учрашувлар ўтказди ҳамда антидрон тизимларни етказиб бериш соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш бўйича бир қатор келишувларга эришди.

Шу билан бирга, кўргазмада расмий делегация сифатида иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Мудофаа вазирликлари, Миллий гвардия ва Бош консуллик вакиллари “Electronic Autonomous Solutions” компаниясининг стендига ташриф буюрди ва компанияни фаолиятини юқори баҳолашди.

Маълумот учун, IDEF кўргазмаси Туркия президенти ташаббуси билан Мудофаа вазирлиги, Мудофаа саноати раислиги ва Қуролли кучлар жамғармаси томонидан ташкил этилади. Кўргазма қурол ва хавфсизлик технологиялари бўйича энг нуфузли халқаро кўргазмалардан бири бўлиб, бугунга қадар 15 маротаба ўтказилган.

Қурол-аслаҳа, электрон ҳимоя воситалари, баллистик тизимлар, радар қурилмалари, телекоммуникацион тизимлар, оптик электроника, ўқ-дорилар, ҳарбий техника, ер, сув ва ҳаводаги ҳимоя тизимлари, муҳандислик иншоотлари, махсус жиҳозлар IDEF кўргазмасининг асосий профиллари ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 20-24 февраль кунлари Бирлашган Араб Амирликлари Абу-Даби шаҳрининг ADNEC Миллий кўргазмалар марказида ўтказилган IDEX-2023 кўргазмасида “Electronic Autonomous Solutions” МЧЖ Ўзбекистоннинг мудофаа саноати корхоналари қаторида иштирок этган эди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид