19:04 / 04.08.2023
5865

Энергетика, транспорт ва сув ресурслари – Ашхобод саммитида устувор йўналишлар белгилаб олинди

Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарларининг қўшма баёноти эълон қилинди.

Фото: gozle

Ашхободда «Туркманистон, Тожикистон, Ўзбекистон» форматида бўлиб ўтган олий даражадаги учрашув якунлари бўйича президентлар Сердар Бердимуҳамедов, Эмомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёев Қўшма баёнот қабул қилди. Унинг матни Туркманистон матбуотида келтирилди.

Қўшма баёнотда қуйидагилар қайд этилди:

1. Томонлар тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, глобал ва минтақавий миқёсда ишонч ва ўзаро англашув муҳитини мустаҳкамлаш бўйича уч давлат томонидан амалга оширилаётган ўзаро саъй-ҳаракатлар муҳимлигини қайд этди.

2. Томонлар ўзаро ҳамкорликни халқаро ташкилотлар доирасида, биринчи навбатда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) доирасида, шунингдек, бошқа халқаро ва минтақавий платформаларда мустаҳкамлашни давом эттиришга келишиб олди.

3. Томонлар БМТ ва бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг сайланадиган органларига бир-бирининг номзодини қўллаб-қувватлашда давом этишга тайёр эканлигини таъкидлади.

4. Томонлар терроризм, сепаратизм ва экстремизмнинг барча кўринишларига, шунингдек, трансчегаравий уюшган жиноятчилик, наркотрафик, кибержиноятчилик, одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашда ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этди. Улар ушбу чақириқ ва таҳдидларга қарши биргаликда курашиш зарурлигини таъкидлади, шунингдек, умумий манфаатлар бўйича бир-бирларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини тасдиқлади.

5. Томонлар савдо-иқтисодий муносабатлардаги ҳамкорликнинг муҳимлигини ҳамда тенг ҳуқуқлилик, ўзаро манфаатдорлик ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий шерикликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш устуворлигини тасдиқладилар. Томонлар ўз мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш зарурлиги ҳақида умумий фикр билдирди.

6. Томонлар энергетика соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини қайд этиб, табиий газ, нефть ва нефть маҳсулотлари, шунингдек, электр энергияси етказиб бериш соҳасидаги ҳамкорликнинг алоҳида аҳамиятини таъкидлади.

Шу муносабат билан томонлар энергетика соҳасидаги уч томонлама ҳамкорликнинг ижобий тажрибасига таянган ҳолда, 2023 йилнинг иккинчи ярмида энергетика вазирликлари раҳбарлари даражасида музокаралар олиб боришга келишиб олдилар.

7. Томонлар уч давлатнинг транспорт, логистика ва транзит соҳасидаги улкан салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият беради.

8. Транспорт соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва уч давлатнинг транзит салоҳиятидан фойдаланиш мақсадида томонлар Тожикистон-Ўзбекистон-Туркманистон транспорт йўналиши бўйича мультимодал юк ташишни фаоллаштириш муҳимлигини таъкидлади, бу эса уч давлатнинг денгиз портларига чиқиш имконини беради, шу жумладан Каспий денгизи ва Форс кўрфази.

9. Томонлар тарифларни янада оптималлаштириш ва ташқи савдо юкларини транзит ташиш учун қулай шарт-шароитларни таъминлашга қаратилган тизимли ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар ва шу мақсадда томонлар ўз давлатининг транспорт департаменти раҳбарларига шу йилнинг охиригача йиғилиш ўтказишни топширди.

10. Томонлар саноат ва саноат кооперациясини ривожлантиришга эътибор қаратди ҳамда тўқимачилик, кимё, қурилиш ва бошқа соҳаларда қўшма корхоналар ташкил этиш орқали узоқ муддатли ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар.

11. Томонлар савдо-иқтисодий муносабатларни рағбатлантириш, минтақа фаровонлигига хизмат қилувчи барча транспорт-коммуникация инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган тадбирлар ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлашларини билдирди.

12. Томонлар ўзаро манфаатлар асосида товар айирбошлаш ҳажмини оширишга кўмаклашиш мақсадида, имкониятлардан фойдаланган ҳолда ҳамкорликнинг янги усуллари ва механизмларини яратиш зарурлигига келишиб олди. Чегара савдоси соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.

13. Томонлар Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистон агросаноат комплекслари орқали алоқаларни тизимли ривожлантириш, шу жумладан маҳсулот ҳажмини ошириш мақсадида озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликка туртки беришга, бошқа мамлакатлар бозорларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришни кенгайтириш келишиб олди.

14. Томонлар сув ресурсларини самарали бошқариш, муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш, гидротехника иншоотлари хавфсизлигини таъминлаш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув хўжалиги инфратузилмасидан самарали фойдаланиш ва модернизация қилиш, сув ресурсларини муҳофаза қилиш соҳасида келгусида ҳамкорликда илмий-тадқиқот ва ишланмалар олиб боришга келишиб олди.

Томонлар мавжуд ва қурилаётган гидроэнергетика иншоотларининг Амударё ҳавзасида сув-энергетика муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш ҳамда иқлим барқарорлигига эришиш муҳимлигини қайд этиб, сувдан комплекс ва оқилона фойдаланиш бўйича мамлакатлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш тарафдори эканини таъкидлади.

15. Томонлар сув-энергетика масалалари бўйича конструктив мулоқотни давом эттириш муҳимлигини қайд этиб, Амударё сув ресурсларидан оқилона фойдаланишнинг устувор аҳамиятини таъкидлади. Шу билан бирга, янги чақириқларга, жумладан, иқлим ўзгариши ва Амударёнинг сув ресурсларига босимнинг кучайиши билан боғлиқ муаммоларга самарали жавоб беришни таъминлаш мақсадида кўп томонлама ҳамкорлик механизмларини янада такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди.

16. Томонлар иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва мослашиш, чўлланиш, ерларнинг деградацияси, музликларнинг эришига қарши курашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, эрта огоҳлантириш тизимлари, экология, биохилмахилликни сақлаш, ушбу соҳаларда умумий лойиҳа ва дастурларни илгари суриш бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этди.

17. Томонлар маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилди, тегишли давлат тузилмалари ва жамоат бирлашмалари, илмий марказлар, олий таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари, маданият ва санъат ходимлари ўртасидаги алоқалар муҳимлигини таъкидлади.

Top