Жаҳон | 21:40 / 04.08.2023
9819
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда келин ўғирлаганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиши мумкин 

Қозоғистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича вакил аёлларни никоҳга мажбурлаш учун ўғирлашга жиноий жавобгарлик жорий этишни таклиф қилди. 

Иллюстратив фото

Қозоғистондаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил бошқармаси Жиноят кодексига келин ўғирлаш моддасини киритиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиққан. 

«Турмушга мажбурланган қизлар кўпинча кейинчалик зўравонлик қурбони бўлади. Мажбурий никоҳлар кўпинча қизларни таълим олиш ва касб-ҳунар эгаллаш имкониятидан маҳрум қилади, бу эса уларнинг қарам ва ҳимоясиз аҳволини янада кучайтиради. Мамлакатимизда, айниқса, жанубий вилоятларда турмуш қуриш мақсадида қизларни ўғирлаш ҳали ҳам кенг тарқалган ҳодиса», дейилади Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил бошқармаси баёнотида. 

Келин ўғирлаш бўйича худди шундай модда Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари – Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг жиноий қонунларида аллақачон мавжуд. Омбудсман жамоаси вакилларининг фикрича, «Одамни никоҳ мақсадида ўғирлаш» моддаси аёлларга нисбатан жиноятлар даражасини пасайтиради. Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг таклифи аллақачон Қозоғистон Бош прокуратураси томонидан қўллаб-қувватланган. 

«Қизнинг ўзи турмушга чиқишга рози бўладиган «алип кашу» анъанаси билан ўғирлаб кетилиб, ўз иродасига қарши ушлаб турилган жиноят ўртасидаги туб фарқни тушуниш муҳим. Ёшлар шуни ёдда тутишлари керакки, никоҳ томонларнинг эркин ва тўлиқ розилиги билан тузилган тенг ҳуқуқли иттифоқдир», дейилади прокуратура баёнотида. 

Омбудсман институти вакилларининг сўзларига кўра, мамлакатдаги стереотиплар туфайли аёллар кўпинча турмушга чиқишга мажбурлангани ҳақида хабар бермайдилар. 2019 йилдан бери Қозоғистонда одам ўғирлаш билан боғлиқ 214 та жиноий ҳуқуқбузарлик қайд этилган. 

«Шу билан бирга, қизларнинг турмушга чиқиш мақсадида ўғирланиши бўйича ишончли статистик маълумотлар йўқ, чунки Жиноят кодексида бундай жиноятнинг алоҳида элементи мавжуд эмас», дейилади Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил бошқармаси баёнотида. 

Мавзуга оид