Жаҳон | 19:38 / 04.08.2023
13254
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг Новороссийскдаги базасига денгиз дронлари ҳужум қилди. Кемалардан бирига шикаст етказилган

4 августга ўтар кечаси денгиз дронлари Новороссийскдаги ҳарбий-денгиз базасига ҳужум уюштирган. Ижтимоий тармоқларда Россиянинг «Оленегорский горняк» десант кемасига зарба берилгани ва кема жиддий шикастлангани акс этган видеолар тарқалган.

Жума куни тонгда Новороссийск фавқулодда хизматлари Новороссийск сувлари ва Мисхако қишлоғи ҳудудида портлаш ва отишма овозлари эшитилгани ҳақида хабар берди.

Кейинроқ Россия мудофаа вазирлиги ҳарбий-денгиз базасига украинларнинг денгиз дронлари ҳужум қилгани ҳақида хабар берди. Вазирлик «ҳужумни қайтариш чоғида экипажсиз катерлар визуал аниқлангани ҳамда Россия кемасидаги стандарт қуроллардан ўққа тутилиб, йўқ қилингани» ҳақида маълум қилди.

Новороссийск шаҳри мэри Андрей Кравченко «Оленегорский горняк» ва «Суворовец» кемалари экипажи «ўз вақтида ҳаракат қилгани» ва «экипажсиз катерлар ҳужуми оқибатларидан қочишга ёрдам бергани» ҳақида айтди.

BBC News Украина нашрининг Украина хавфсизлик хизматидаги манбасига кўра, ҳужум УХХ ва ҳарбий-денгиз кучлари ҳамкорлигида амалга оширилган. Аммо Киев расман ҳужум учун жавобгарликни зиммасига олмаган.

Украина хавфсизлик хизматидаги манбанинг тасдиқлашича, «Оленегорский горняк» кемасига шикаст етказилган. Ҳужум ҳақидаги дастлабки хабарлардан кейин маҳаллий телеграм-каналларда кема шатакка олиб кетилаётгани акс этган видео тарқалди, унда кема бир томонга оғиб кетганини кўриш мумкин.

 

Украина нашрлари эса ушбу кемага сувусти дрони бориб урилиши акс этган кадрларни ҳам намойиш этди.

«Интерфакс» агентлиги «Каспийский трубопроводный консорциум» (КТК) компаниясига асосланиб, Новороссийск портида кемалар ҳаракати вақтинча тақиқланганини хабар қилган.

КТК компанияси Новороссийск яқинидаги нефт терминалига эгалик қилади. Компания матбуот хизмати терминал шикастланмагани ва лангар ташлаб турган танкерларга нефт юклашда давом этаётганини маълум қилган.

Мавзуга оид