Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев темирйўл транспорти соҳаси ходимларига табрик йўллади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев темирйўл транспорти соҳаси ходимларига табрик йўллади. Табрик матни давлат раҳбари матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.
Табрикда айтилишича, ўтган даврда 2 минг 400 километрдан кўпроқ янги темирйўллар қурилиб, фойдаланишга топширилди, 3 минг километрдан зиёд йўллар электрлаштирилди, 1 минг 100 километрдан ортиғи реабилитация қилинди.
“Ҳеч шубҳасиз, темирйўл тармоқларининг кенгайиб бораётгани барча ҳудудларимизни ўзаро мутаносиб ривожлантириш, бой минерал хомашё ресурсларини комплекс ўзлаштиришда янги-янги имкониятлар очмоқда”, дейилади матнда.
Қайд этилишича, буни “Ўзбекистон темирйўллари” акциядорлик жамияти ташкил этилганидан буён юк ва йўловчи ташиш ҳажми 2 баробардан зиёд кўпайгани, 1,6 миллиард тонна юк ташилиб, 380 миллион нафар йўловчи манзилга етказилгани ҳам яққол тасдиқлайди.
“Сизлар каби минглаб фидойи юртдошларимизнинг масъулиятли меҳнати туфайли мамлакатимизда замонавий инфратузилмага эга бўлган, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг эҳтиёжларини тўлиқ таъминлай оладиган яхлит темирйўл тизими барпо этилиб, республикамизнинг барча ҳудуд ва минтақаларини ишончли ва самарали боғлаб келмоқда. Ҳозирги кунда юртимиз замонавий транспорт коммуникациялари ва юксак транзит салоҳиятига эга бўлган давлат сифатида Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолни ўзаро боғлайдиган халқаро темир йўлларнинг муҳим ҳалқасига айлангани билан ҳар қанча фахрлансак арзийди”, дейди давлат раҳбари.
Билдирилишича, пойтахтдан Самарқанд, Бухоро, Қарши каби тарихий шаҳарларга қатнаётган замонавий “Афросиёб” электропоездлари миллий темирйўл транспортининг брендига айланди. Келгуси йилда Бухоро – Хива йўналишида ҳам юқори тезликда ҳаракатланадиган йўловчи поездлари қатнови йўлга қўйилади. Бу аҳоли учун ҳар томонлама қулайлик яратиш билан бирга, туризм соҳаси ривожини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Ўзбекистон темирйўлчилари аэропортлар, метро линиялари, кўприк ва йўл ўтказгичлар қуриш, конларни ўзлаштириш борасида ҳам муҳим стратегик лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этиб келмоқда.
“Мамлакатимиз Марказий Осиёда биринчи бўлиб темирйўл соҳасида ўзининг оғир машинасозлик ва қуюв-металлургия саноатига эга бўлди. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган йирик саноат корхоналари барпо этилиб, вагон ишлаб чиқариш, локомотивлар, юк ва йўловчи вагонларини модернизация қилиш ва таъмирлаш йўлга қўйилди.
Энг муҳими, соҳада амалга оширилаётган мураккаб бошқарув ва технологик ишларнинг барчаси ўзимизнинг маҳаллий мутахассисларимиз, азм-у шижоатли ёшларимиз томонидан бажарилмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, ушбу тизимда сидқидилдан меҳнат қилаётган барча юксак маҳоратли, жонкуяр инсонларга ўз номимдан, халқимиз номидан ташаккур билдираман.
Мамлакатимиз темирйўл тизимини модернизация қилиш, соҳага хорижий инвестицияларни кенг жалб этган ҳолда йирик ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, янгича фикрлайдиган, Ватанимизга садоқат билан хизмат қиладиган замонавий кадрларни тайёрлаш борасида ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини албатта барчамиз яхши тушунамиз. Ўтган даврда катта билим ва тажриба орттирган темирйўл соҳаси ходимлари ўзларининг мардона меҳнати, бунёдкорлик салоҳияти билан олдимизда турган вазифаларни муваффақиятли адо этадилар, деб ишонаман. Бу мақсадларга эришиш учун давлатимиз томонидан барча зарур шароитлар яратиб берилишини алоҳида таъкидламоқчиман.
Сиз, азизларни касб байрамингиз билан яна бир бор табриклаб, келгуси фаолиятингизда янги ютуқ ва омадлар, хонадонларингизга тинчлик, бахт ва қут-барака тилайман”, дейилади табрикда.
Мавзуга оид
23:09 / 04.07.2026
Зарафшон дарёси “чегарадан чиқди”: темирйўл лойиҳасида бу ҳисобга олинмаганми?
19:25 / 03.07.2026
“Зарафшон дарёсида сув сарфи кескин ошгани сабаб бўлди” – Самарқандда темирйўл ўтказилган дамба ўпирилганига изоҳ берилди
15:39 / 03.07.2026
Самарқандда темирйўл ўтказилган дамба ўпирилди
11:20 / 01.07.2026