Жаҳон | 08:54 / 05.08.2023
3921
2 дақиқада ўқилади

Евродепутатлар ЕИдан армияга боришни истамаган россияликларни ҳимоя қилишни сўради

Бир гуруҳ Европарламент депутатлари Европа комиссияси ва Европа Иттифоқи кенгашини Россия армиясида хизмат қилишни истамаган ҳарбий хизматчиларга бошпана бериш учун чора кўришга чақирди. Парламент аъзоларининг мактуби билан DW танишиб чиқди.

Фото: Alexander Avilov / Moskva News Agency

Европарламентнинг 17 нафар аъзоси Еврокомиссия ва Европа Иттифоқи давлатларини россияликлар учун умумий виза сиёсати бўйича маслаҳатлашувлар ўтказишга ва Украинада жанг қилишни истамаган Россия фуқароларига кириш визалари ҳамда бошпана бериш тамойилларини ишлаб чиқишга чақирди. «Россия қуролли кучлари Украинада инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуманитар қонунларни бузаётганини ҳисобга олиб, руслар урушда қатнашаётган армия сафида хизмат қилмаслик учун маънавий асосга эга», дейилади жума, 4 август куни DW ихтиёрига келиб тушган матнда.

Ҳарбий хизматни виждонан рад этиш ҳуқуқи Россия Конституциясида мустаҳкамланган, бироқ давлат органлари ҳарбий хизматга чақирилувчиларни бу ҳуқуқ ҳақида хабардор қилмайди ёки ундан фойдаланишни рад этади, дейилади мурожаатда. 

Европалик парламентарийлар Россияда ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонуннинг қаттиқлашиши ва сафарбарликнинг янги тўлқинлари туфайли Россия фуқароларининг Европа Иттифоқи мамлакатларида бошпана сўраб мурожаатлари сони ортиб боришини тахмин қилмоқда. Хат муаллифлари ҳарбий хизматдан бош тортган россияликларни ҳимоя қилиш ва бошпана билан таъминлашни ЕИ ва унга аъзо давлатларнинг бурчи деб ҳисоблайди. 

Бундан ташқари, депутатлар Европарламентнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қуйи қўмитаси маълумотларига таянади, у россияликларнинг жанг қилишдан бош тортаётгани бўйича ҳолатларни кузатиб боради. Унга кўра, Россия ҳарбий қўмондонлиги Украинанинг Донецк ва Луҳанск вилоятларининг босиб олинган ҳудудларида камида 13 та ноқонуний марказ ташкил этган, уларда 600 дан ортиқ россиялик ҳарбий ҳаракатларда қатнашишдан бош тортгани учун ҳибсда сақланмоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид