16:58 / 07.08.2023
6083

Германия темирйўллар соҳасидаги муаммоларни қандай ҳал қилган?

Германияда темирйўллар соҳаси қарийб 30 йил олдин ислоҳ қилина бошланган. 90 йиллар бошида млрд евролаб зарар кўрган бу соҳани хусусийлаштириш орқали мамлакат темирйўллари хизмати ривожланган.

Фото: Reuters

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти темирйўл соҳасини ислоҳ қилиш бўйича Германия тажрибасига оид таҳлилларини Kun.uz'га тақдим қилди.

Қайд этилишича, 1994 йилгача Германия темирйўллари иккита ташкилот: Deutsche Bundesbahn ва Deutsche Reichsbahn томонидан бошқарилган. Соҳадаги ислоҳотлар 1994 йилда бошланган. Бу жараёнда барча операторлар учун темирйўл инфратузилмасидан эркин фойдаланиш имконияти яратилиб, шаҳар атрофи йўналишлари маҳаллий ҳокимият органлари тасарруфига ўтказилган ва зарур миқдорда субсидиялар ажратилган.

1993 йил 26 мартда ҳукумат темирйўл соҳасини ислоҳ қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, унинг асоси сифатида иккита муҳим сабабни белгилаган:

1.Темирйўллар соҳасининг паст самарадорлиги ва юк ташиш ҳажмининг ортиши кутилаётган шароитда қувватларнинг бунга тайёр эмаслиги;

2.Қарзлар тўпланиб қолган ҳамда йўловчи ва юк ташувлари соҳасида улуши қисқарган шароитда бошқарувчи компаниянинг заиф молиявий барқарорлиги.

Германия ҳукумати давлат хизматларини кўрсатиш бўйича мажбуриятлар учун ҳар йили соҳага 7 миллиард еврога яқин маблағ йўналтирган бўлса-да, 90-йилларнинг бошида темирйўл ташкилоти Deutsche Bundesbahn кўрган зарар 25,5 миллиард еврони ташкил қилган.

50-йилларнинг ўрталаридан бошлаб Deutsche Bundesbahn транспорт бозоридаги улушининг сезиларли қисмини йўқотган. 1960-1990 йиллар оралиғида Deutsche Bundesbahn’нинг улуши йўловчи ташувларида 36 фоиздан 6,1 фоизгача, юк ташувларида эса 56 фоиздан 20,5 фоизгача камайган.

Ислоҳотларнинг асосий йўналишлари сифатида қуйидагилар қайд этилган:

- Deutsche Bundesbahn ва Deutsche Reichsbahn хусусийлаштирилди ва улар Deutsche Bahn AG таркибида бирлаштирилди;

- Темирйўл ташувлари бозорида рақобатни кучайтириш учун инфратузилма ва хизмат кўрсатувчи компаниялар ажратилди;

- Инфратузилмани ривожлантириш ва янги хизмат турларини йўлга қўйиш учун хусусий инвесторлар жалб қилинди.

1999 йилда ислоҳотнинг иккинчи босқичи бошланган. Deutsche Bahn AG’нинг 5 та бўлинмаси ҳар хил фаолият турлари учун масъул бўлган алоҳида корпорацияларга айлантирилди: DB Netz AG (инфратузилма), DB Station & Service AG (станция ва хизматлар), DB Dienstleistungen GmbH (алоқа, техник хизмат кўрсатиш, станциялар ва поездларда хавфсизлик), DB Personenverkehr GmbH (йўловчи ташувлари)

Stinnes AG (юк ташувлари).

Бир неча йиллик лойиҳавий ислоҳотлар натижасида темирйўлларида хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлиги ортган, транспорт харажатлари камайган. Хусусан, 1994-2012 йиллар оралиғида юк ташувлари ҳажми 58 фоизга, йўловчи ташувлари ҳажми эса 36 фоизга ошди. Йўловчиларни ташиш соҳасидаги ўсишга асосан ички ташувлар ҳисобига эришилган. Узоқ масофага қатновчи поездлардан фойдаланувчилар сони 7 фоизга кўпайган.

Таъкидланишича, темирйўл соҳасида Германияда амалга оширилган ислоҳотлар муваффақиятли ҳисобланади ва у бошқа мамлакатлар учун намуна бўла олади.

Хусусий операторларнинг вагонлар ва локомотивлардан иборат тармоққа жалб қилиниши бугунги кунда Германияда темирйўл соҳасини бошқаришнинг ажралиб турадиган жиҳатидир. Фақат инфратузилма давлат назорати остида бўлиб, у барча бозор иштирокчиларининг инфратузилмадан тенг фойдаланишини таъминлайди.

Аммо ҳозирда Германия темирйўл инфратузилмаси тезкор модернизацияга муҳтож. Давлат бошқаруви йилларида темирйўл инфратузилмаси объектларини модернизация қилиш учун етарли маблағ ажратилмаган. Оқибатда 1994 йил билан таққослаганда темирйўл тармоғининг узунлиги қарийб 20 фоизга қисқарган.

Deutsche Баhn ва ҳукумат инфратузилмадаги муаммоларни бартараф этиш учун бир қатор чоралар кўрмоқда. Хусусан, 2023 йилнинг март ойида Германия Вазирлар Маҳкамаси компанияга 4 йил давомида 45 миллиард евро сармоя киритиш мажбуриятини олган. Темирйўл тармоғини жонлантириш ва модернизация қилиш ҳозир 2045 йилгача иқлим бетарафлигига эришиш режасининг асосий йўналиши ҳисобланади.

Top