Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жиддада ўтган Украина бўйича музокараларда икки масала келишиб олинди
Маслаҳатлашувларнинг барча иштирокчилари Украинада тинчликка фақат шу мамлакат яхлитлигини ҳурмат қилиш асосида эришиш мумкин, деб ҳисоблайди. Улар «Зеленский формуласини» муҳокама қилиш учун гуруҳлар тузишга қарор қилди.
Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида Украина бўйича музокарачилар маслаҳатлашувлардан сўнг икки масала бўйича келишувга эришди, дея хабар беради Corriere della Sera манбалари. Италия газетасининг ёзишича, барча ҳар қандай тинчлик битими «Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш» ва БМТ Низомининг устунлиги тамойилига амал қилиш асосида тузилиши керак, деб ҳисоблайди.
Томонлар Киев таклиф қилган Россия-Украина можаросини тартибга солиш режасини муҳокама қилиш учун ишчи гуруҳлар тузишга келишиб олди. Бу режа, бошқа нарсалар қатори, 1991 йилги чегаралар доирасида Украина ҳудудидан барча Россия қўшинларини олиб чиқиб кетиш, шунингдек, «адолатни қайтариш»ни назарда тутади.
Жиддада давлат раҳбарлари учрашувининг эҳтимолий санаси ҳам муҳокама қилинмоқда. Газетанинг манбаларига кўра, бундай саммит йил охиригача бўлиб ўтиши мумкин.
5-6 август кунлари Жиддада Украина бўйича икки кунлик маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди. Уларда хавфсизлик бўйича маслаҳатчилар ва 30 дан ортиқ мамлакатлар вакиллари қатнашди. Россия учрашувга таклиф этилмади.
Бразилия Жиддадаги Украина бўйича маслаҳатлашувларда Россияни музокараларда иштирок этишга чақирди. Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик музокаралари можаронинг барча томонлари иштирокида ўтказилиши керак, деди Бразилия президенти маслаҳатчиси Селсу Аморим.