Ўзбекистон | 21:12 / 07.08.2023
41835
2 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors шартномаларни интернетда сотиб олиш бўйича шубҳали ҳолатлардан огоҳлантирди 

Компания баёнотига кўра, шартномаларни янги харидор номига қайта расмийлаштиришнинг имкони йўқ. 

Фото: Getty Images

UzAuto Motors компанияси автомобилларни сотиб олиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, интернет орқали шартнома сотиб олишда эҳтиёт бўлишга чақирди. 

Аввалроқ, автомобил сотиб олиш бўйича тузилган янги шартномалар «қайта расмийлаштириш» таклифи билан интернет майдончаларда сотувга чиққани ҳақида хабар берилган эди. Компания баёнотига кўра, шартномаларни янги харидор номига қайта расмийлаштиришнинг имкони йўқ. 

«Шу кунларда турли хил интернет реклама эълонлари хизматида «автомобилни номингизга қайта расмийлаштириш ваъдаси» билан тўлови амалга оширилмаган шартномаларни сотиш таклифлари пайдо бўлди. 

Эътибор беринг, шартнома «UzAutoSavdo» тизими томонидан автоматик тарзда тузилади. Ундаги маълумотларни на харидор, на дилер томонидан ўзгартиришнинг имкони йўқ. Қолаверса, автомобил олинганидан сўнг, тизим харидорнинг иштирокида давлат рақамини рўйхатдан ўтказиш учун Йўл-ҳаракати хавфсизлиги давлат хизматига электрон ҳисоб-фактурани юборади», дейилади хабарда. 

UzAuto Motors автомобилларни сотиб олиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, эҳтиёт бўлишга ва бундай шубҳали таклифларга рози бўлмасликка чақирди. 

Шу билан бирга, UzAuto Motors бир хил модель учун 2 тадан ортиқ автомобиль харид қилинса, ҳар бир кейинги автомобиль «навбатнинг» охирига ўтказилиши ҳамда автомобилларни етказиб бериш муддати 120 кунга ошиши ҳақида огоҳлантирди. 

Компания баёнотига кўра, кейинчалик бир киши томонидан бир нечта автомобилларни сотиб олиш амалиёти такрорланган тақдирда, компания истеъмолчилар учун автомобиллар етказиб берилишини таъминлаш мақсадида ушбу муддатни 270 кунгача узайтиришни кўриб чиқмоқда. 

Мавзуга оид