Саудия Арабистони Исроилни тан олиши мумкин — ОАВ
АҚШ ва Саудия Арабистони бу ҳақда келишувга эришгани айтилмоқда. Вашингтон буни расман тан олмади.
The Wall Street Journal нашрининг таъкидлашича, АҚШ ва Саудия Арабистони қиролликнинг Исроил билан муносабатларини нормаллаштириш бўйича келишувга эришган.
Қайд қилинишича, келишув Саудия Арабистони томонидан Исроил давлатининг тан олинишини назарда тутади. Бунинг эвазига «фаластинликларга имтиёзлар, АҚШ томонидан хавфсизлик кафолатлари берилиши ва фуқаровий ядро дастурида ёрдам кўрсатилиши» керак.
Ўз навбатида, Жо Байден маъмурияти Саудия Арабистони томонидан ҳам бир неча шартларнинг бажарилишини кутмоқда. Жумладан, Хитой билан алоқаларни ривожлантирмаслик, иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан Хитойдан узоқлашиш, ўз ҳудудида Хитой ҳарбий базаларини қурмасликка кафолат бериш, Хитойнинг Huawei компанияси томонидан ишлаб чиқарилган технологиялардан фойдаланишни чеклаш, шунингдек, нефть битимларида юан эмас, АҚШ долларидан фойдаланиш.
Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон «келишувга эришишга жиддий бел боғлаган», бироқ БАА ва Баҳрайн 2020 йилда қилганидек, Исроил билан тўлиқ дипломатик алоқалар ўрнатишга тайёр эмас. Айниқса, Тел-Авивдаги мустақил Фаластин давлатини барпо этишга мутлақо қарши бўлган ҳозирги коалицион ҳукумат даврида.
Аввалроқ, Исроил бош вазири Бенямин Нетаняху Саудия Арабистони билан тинчлик келишувига эришиш, шунингдек, Ар-Риёд билан иқтисодий алоқаларни ривожлантириш нияти борлиги ҳақида айтган эди. Шу билан бирга, у давлатлар ҳатто расмий келишув бўлмаса ҳам иқтисодиёт соҳасида ҳамкорлик қилиши мумкинлигини таъкидлади.
Ўз навбатида, Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби Исроил ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш жараёнининг асосларини белгиловчи келишув ҳалигача йўқлигини айтди.
«Якуний хулосага келишдан олдин ҳали муҳокама қилинадиган кўп нарса бор», деди у ва Жо Байден йил охирида Нетаняху билан учрашишини қўшимча қилди.