Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Латвия Фарғонада юқори технологияли агрологистика мажмуаси қуришни режалаштирмоқда
Ўзбекистон элчихонаси ва Рига шаҳридаги Савдо уйи кўмагида KGS Group қишлоқ хўжалиги логистика компанияси раҳбари Петерис Каушелис ва Фарғона вилояти Олтиариқ тумани ҳокими Шамсиддин Турдалиев ўртасида видеоконференция ташкил этилди.
Латвиядаги элчихона маълумотига кўра, учрашувда элчи Қадамбой Султонов ва Ригадаги Ўзбекистон Савдо уйи раҳбари Владимир Гальперин ҳам иштирок этди.
Мамлакатимиз ҳудудлари ва KGS Group компанияси ўртасида сармоявий ва технологик ҳамкорлик масалалари ҳамда қўшма саноат кооперациясини йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашувда Петерис Каушелис KGS Group компаниясининг Олтиариқ туманида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан янги кўкатлар, карам ва бошқа турларини етиштиришнинг тўлиқ циклини ўз ичига олган юқори технологияли агросаноат мажмуаларини қуриш бўйича инвестиция лойиҳасини жаҳон ва Европа стандартларига мувофиқ амалга ошириш ниятини тасдиқлади.
Унинг айтишича, лойиҳа қиймати 10 миллион евродан ошади. Юзлаб янги иш ўринлари яратилади. Тайёр маҳсулотларнинг логистикаси тез бузиладиган маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлайдиган KGS Group компаниясининг ўзига тегишли музлаткичли юк машиналари томонидан амалга оширилади.
Етиштирилган маҳсулотлар Европа Иттифоқи мамлакатларига экспорт қилинади.