Жаҳон | 08:28 / 11.08.2023
6306
2 дақиқада ўқилади

Байден Конгрессдан Киевга 13 млрд долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатишни сўради

Украина билан боғлиқ бўлган умумий янги қўшимча харажатлар 24 миллиард долларни ташкил қилади. Социологларнинг фикрича, америкаликларнинг аксарияти бунга қарши. 

Фото: Greg Nash

АҚШ президенти Жо Байден 10 август, пайшанба куни Конгрессга бошқа мамлакатларга ёрдам, чегараларни ҳимоя қилиш ва табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун 40 миллиард доллар миқдорида қўшимча маблағ ажратиш сўровини юборди. Уларнинг 24 миллиарди бевосита ёки билвосита Украина учун мўлжалланган. Хусусан, 13,1 миллиард Киевга ҳарбий ёрдам ва бу борада Пентагон арсеналини тўлдириш учун, яна 8,5 миллиарди Украина ва ушбу мамлакатдаги вазиятдан жабр кўрган бошқа мамлакатларга иқтисодий, ҳуманитар ва бошқа ёрдамга йўналтирилиши керак. «Вагнер» ХҲК ва Африкада бошқа шунга ўхшаш тузилмаларга қарши курашиш учун 200 миллион доллар ҳам сўралган. 

Маъмурият юқори мартабали мулозимининг Reuters’га айтишича, бу миқдор 2024-молиявий йилнинг биринчи чораги учун эҳтиёжларни қоплайди. 

АҚШ аҳолиси Украинага ёрдам бериш борасида якдил позицияда эмас

Оқ уйнинг стратегик коммуникациялар бўйича координатори Жон Кирби Байденнинг Конгрессга Киевга кўпроқ ёрдам сўраб қилган янги мурожаатига изоҳ берар экан, Америка аҳолиси Россиянинг Украинага қарши урушида ўртада нималар турганини тушунишига ишонч билдирди. 

Социологларнинг маълумотлари шуни кўрсатадики, Америка жамиятида Украинага ёрдам кўрсатиш бўйича бирдамлик йўқ. CNN томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 55 фоизи Конгресс Украина қуроллари учун қўшимча маблағ ажратишга рози бўлмаслиги керак, деб ҳисоблайди. Респондентларнинг 51 фоизи Қўшма Штатлар аллақачон Киевга етарлича ёрдам кўрсатган, деган фикрда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид