Анчадан буён бу ҳақда ёзмоқчи эдим. Майли, айтадиганларим ҳукмдан кейинги илк пост деб қабул қилина қолсин. Гўёки иқрор мисоли. Мен танамдаги қўрқув ва нафратни енгишим керак. Балки ёзадиганларим бунга ёрдам берар.

Нафрат. Бу ҳақда кўп ёзишади. Ва мана, яна битта хат келибди: судяни ёмон кўрасанми? Путиндан энди янада кўпроқ нафратланасанми? Аввал ҳам айтганман: қамоқхонада курашиш керак бўлган асосий нарса – нафрат. Бу ерда нафратланиш учун сабаблар етарли. Имконсизлик эса вазиятни янада қийинлаштиради. Агар бу ерда ичингдаги нафратга эркинлик берсанг, сени еб битиради.

Аммо тан оламан, менда нафрат бор. Қанақа дейсизми? Катта ёшдагилар интернетдаги «телбаларча нафратланаман» деган мемни эслайди. Менда ҳам шунга ўхшаш ҳолат, айниқса «судлар»дан кейин. Айтганча, менга 19 йил берилган охирги суд бундан мустасно. Унда биз бир-биримизга ёқимли тилаклар билдиришда мусобақалашдик. Бундайлар судяларнинг энг хавфли турига киради. Улар сенга 19 йил қамоқ жазоси беришади-да, кейин сенда уларга нисбатан симпатия пайдо бўлишига ҳаракат қилишади.

Район судларидаги маҳкамалардан кейин эса тўғриси ғазабланаман. У ерда жуда оддий ишлар кўрилади, ҳуқуқий ҳимояланишга ҳеч қандай имкон йўқ. Судялар ҳам қора рангга қараб «Бу оқ, тушундингми, чунки маълумотномада оқ ёзилган» дейишади. Ва ноқонуний ҳукмни ҳеч уялмай эълон қилишади.

Баъзан ўзимни тута олмай Самойловга ўхшаган «судя»ларга бақириб юборишим ҳам бор гап. Биласизми, мен ўзимдаги танамга сиғмас нафрат билан айнан бу судядан нафратланмайман. Ёки қамоқхонадаги безори-ўғри-милиционерлардан ҳам, уларни бошқарадиган ФСБдагилардан ҳам, ҳар қанча ҳайратланарли бўлмасин Путиндан ҳам нафратланмайман. Бундай лаҳзаларда бир вақтлар мен яхши кўрган инсонлардан, томоғим бўғилгунча тортишиб ҳимоя қилганларимдан ва уларни яхши кўрганим учун ўзимдан нафратланаман.

Ҳозир жарима изоляторида ўтириб Натан Шаранскийнинг «Зулмдан қўрқмайман» асарини ўқияпман. Шаранский СССРда 9 йил қамоқда ўтирган ва 1986 йил уни алмаштиришган. Шундан кейин Исроилга кетиб партия тузган, катта муваффақиятга эришган ва ҳатто мамлакат ташқи ишлар вазири лавозимигача кўтарилган. Бир сўз билан айтганда, ажойиб одам. Дарвоқе, карцерда ва жарима изоляторида 400 кун яшаган. У бундай шароитда қандай омон қолганини тасаввур қилолмаяпман.

Шаранский китобда қўлга олиниши ва терговни тасвирлайди. 1977 йил, ўша вақтда мен 1 ёшда бўлганман. Китоб СССРда 1991 йил, мен 15 ёш вақтимда чиққан. Ҳозир 47 ёшдаман ва китобни ўқиб худди ўзим ҳақимда ўқиётгандек бўляпман. Масалан, жарима изолятори биноси – симтўр билан ажратилган алоҳида казарма, изоляторда бўлиш учун максимал муддат – 15 кун. Буларни ўқир эканман, кетма-кет «15 кунликлар»дан кейин шафқатсиз жиноятчи каби камерага олинганимдан ҳам ажабланмай қўя қолдим. Ҳаммаси ўхшаш.