Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳафта давомида ҳарорат фони меъёрдан паст бўлади
Ўтган дам олиш кунлари Ўзбекистон ҳудудига Урал ҳудудларидан салқин ҳаво кириб келди ва ҳаво ҳарорати барча жойларда +29...+32 даражагача, жанубий ҳудудларда +34...+35 даражагача пасайди.
“Ўзгидромет” хабарига кўра, бугун ва эртага республика ҳудуди бўйича салқин об-ҳаво сақланиб туради, ҳарорат кечалари +13...+16 даража, кундуз кунлари +27...+32 даража, жанубда +35 даражагача бўлади. Бу август ойи ўртаси учун меъёрий қийматлардан +2...+4 даражага пастдир.
Ҳафта ўртасидан салқин ҳаво массаси республика ҳудудидан аста-секин чекина бошлайди, ҳаво ҳарорати кўтарилади ва ҳафта охирига бориб, кечалари +17...+20 даража, кундуз кунлари +34...+37 даража атрофида бўлади.
Ушбу кунларда ҳудуднинг катта қисмида қуруқ ва кам булутли об-ҳаво сақланиб туради, фақат Фарғона вилояти айрим тоғли ҳудудларида бугун кечга томон қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
14-15 август кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучаяди, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилади.
Пойтахтда 14-18 август кунлари ҳаво кам булутли бўлади. Бугун ва эртага ҳарорат +29...+32 даража бўлади, сўнг +34...+37 даражагача аста-секин кўтарилади. Ҳафта бошида ҳарорат кечаси ва эрталаб +13...+16 даража, ҳафта охирига бориб +17...+20 даража бўлади. Шамол шарқдан эсади.