Ўзбекистон | 15:22 / 15.08.2023
12406
5 дақиқада ўқилади

Боғча пули: ота-оналар тўлайдиган “бадал” харажатларни қоплайдими?

Ўзбекистондаги давлат боғчаларида битта бола учун қанча пул сарфланади? Кундан кунга эҳтиёж ортиб бораётган мактабгача таълим соҳасидаги харажатларга эътибор қаратамиз. Мактабгача таълим агентлиги масъулларининг Kun.uz’га айтишича, бир нафар боланинг боғчага келиш харажати ойига 500-600 минг сўмни ташкил қилади. Ота-оналар тўлайдиган “боғча пули” харажатларнинг бир қисмини қоплаб, асосий маблағ бюджетдан йўналтирилади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Мактабгача таълим агентлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаеванинг айтишича, 2017 йилгача 700-800 минг бола мактабгача таълимга қамраб олинган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 2 млн 111 мингдан ошган.

Бу республикадаги жами 2 млн 900 минг боладан 2 млн 111 минг нафари мактабгача таълим билан қамраб олинди дегани”, — дейди у.

Боғча харажатларига тўхталадиган бўлсак, бугунги кунда Тошкент шаҳрида бир нафар боғча боласига ўртача бир кунлик харажат 25 минг сўм бўлиб, бир ойда 500 минг-600 минг сўмни ташкил қилади.

“Пойтахтда битта бола учун ота-она тўлайдиган бадал пули – 276 минг сўм. Ота-она тўлаган бадалдан кўра бир болага кетадиган харажат 2 баробар кўпроқ. Ота-оналарнинг тўловлари боғча болаларини овқатлантиришга сарфланади, лекин бу ҳам ҳаммасини қопламайди. Кунига битта болага ота-она тўлови 13-14 минг сўмни ташкил қилса, қолган қисми бюджетдан қоплаб берилади”, — дейди мактабгача таълим агентлиги бошқарма бошлиғи Зафар Ҳусанов.

Унинг таъкидлашича, мактабгача таълим ташкилотлари бюджет ташкилотлари ҳисобланганлиги учун уларни сақлаб туриш харажатлари ҳам ҳаммаси бюджет маблағларидан қопланади. Масалан, мактабгача таълим ташкилотида ишлайдиган ходимларнинг иш ҳақи харажатлари, бино-иншоотларни сақлаш, коммунал тўловлар каби харажатлар.

Маълум қилинишича, 2023 йил учун ажратилган 11,8 трлн сўм маблағнинг 5,2 трлн сўми иш ҳақига, 1,7 трлн сўми эса озиқ-овқат харажатлари учун йўналтирилган.

Масъуллар чекка ҳудудлардаги давлат боғчаларига ота-оналар тўлайдиган бадал пуллари бошқа ҳудудлардан бир неча баробар паст этиб белгиланганини таъкидлайди. 73та иқтисодий ривожланиши паст бўлган туманларда ота-оналарнинг бадал тўловларига 50 фоизгача имтиёз берилган. 

“Айтайлик, ўша ҳудудларда 100 минг сўм бадал пули белгиланган бўлса, 50 фоизи 50 минг сўмни ташкил қилади. Бола учун қилинадиган харажат республиканинг барча ҳудудларида бир хил, лекин унда ота-оналарнинг улуши камаяди ва қолган қисмини қоплаш учун бюджетга юклама тушади. Шунда боғча харажатларининг 75-80 фоизи бюджетдан тўланади, бунинг учун республика бюджетидан субсидиялар ажратилади”,  — дейди Зафар Ҳусанов.

Агентлик бўлим бошлиғи Баҳодир Ғанихўжаев давлат мактабгача таълим ташкилотларини жиҳозлаш ҳақида гапираркан, бу мақсадлар учун ҳар йили бюджетдан маблағлар ажратилишини таъкидлайди.

2023 йилда бюджетдан 123 млрд маблағ ажратилди. Жойларга жиҳозлар, мебеллар ва бошқа 54 турдаги жиҳозлар етказиб берилади. 2023 йилда 325та ДМТТ жиҳозланади. Болаларни мажбурий бир йиллик тайёрлаш бўйича 370та хона жиҳозланиши режалаштирилган”, — дейди Набихўжаев.

Қўшимча қилинишича, кам таъминланган оилаларнинг 171 мингдан зиёд фарзандлари учун ота-оналари бадал пулларини тўламайди. Бундан ташқари, 2та фарзанди боғчага борадиган бўлса, уларга енгиллик сифатида 30 фоизгача имтиёз берилган. Бу ҳам 178 минг болани ташкил қилади.

Зафар Ҳусановга кўра, бугунги кунда 24 мингдан зиёд нодавлат оилавий ва давлат-хусусий шериклик асосидаги боғчалар бўлиб, оилавий нодавлат ташкилотларига болаларни овқатлантириш, дори-дармон, юмшоқ буюмлар ва педагогларнинг ойлик иш ҳақлари учун давлат бюджетидан субсидия ажратилади.

“Давлат хусусий шериклик асосидаги боғчаларга эса коммунал тўловлар учун компенсация берилади. Табиий газ етказиб берилмаган боғчалар учун ҳам газ етказиб берилган жойлардаги каби битта бола учун сарфланадиган табиий газ учун компенсация ажратилади”.

Агентлик матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева бугунги кунда “Ақлвой автобуслари” лойиҳаси фаолият юритаётгани, 73та автобус энг чекка овулларгача етиб боришини айтади.

“Мактабгача таълимга қамралмаган, 3-7 ёшли болалар автобусга қамраб олинган. У ерда таълим берадиган педагоглар олий маълумотли. Автобуснинг ўзида ҳожатхонаси, болаларнинг таълим-тарбияси учун зарур жиҳозлар бор. Ёз-у қиш қандай фасл бўлмасин, автобуслар бу йўналишга мослаштирилган. Болаларнинг бир марталик овқатланиш тизими ҳам жорий қилинган”, — дейди Асқархўжаева.

Мавзуга оид