Жаҳон | 19:13 / 15.08.2023
14060
2 дақиқада ўқилади

«Стоп машина»! Россия Мудофаа вазирлиги Қора денгизда тафтиш қилинган кема видеосини эълон қилди

Фото: Видеодан кадр

Россия Мудофаа вазирлиги Қора денгизда тўхтатиб текширилган юк кемасининг тафтиш жараёни акс этган видео эълон қилди. Унда россиялик ҳарбийлар Ка-29 вертолётида кемага тушиб, уни текширгани кўринган.

13 август куни Россия Мудофаа вазирлиги Қора денгизда Палау байроғи остида сузган ва Украинанинг Измаил порти томон кетаётган «Сукра Окан» юк кемаси тўхташ ишорасига амал қилмай ҳаракатланишда давом этгани сабаб «Василий Биков» патрул кемасидан туриб огоҳлантирувчи ўт очилганини эълон қилганди.

15 август куни эълон қилинган видеода россиялик ҳарбийлар чиндан вертолётда кемага тушгани кўринган. Улар қуролланган ҳолда кема бортига чиққан. Экипаж аъзолари эса ҳарбийлар талабига кўра чўккалаб, қўлини бошининг орқасига қўйиб турган.

Кейинчалик экипаж аъзоларининг россиялик ҳарбийлар билан суҳбати кўрсатилган. Рус ҳарбийнинг инглиз тилидаги саволларига турк миллатига мансуб денгизчилар қийналиб жавоб берган. Экипаж аъзоси ҳарбийнинг «Нега радио орқали машинани тўхтат, моторни ўчир, чақирувига жавоб бермадинг?» деган саволига алоқа ёмон эди, деб жавоб қайтарган.

Россия Мудофаа вазирлиги ахборотида айтилишича, кемада тафтиш ишлари халқаро ҳужжатларга мос тарзда амалга оширилган. Ҳарбийлар кемада тафтиш ўтказгач, унга Украинанинг Измаил порти томон сузиб кетишга рухсат берилган.

Мавзуга оид