Ўзбекистон | 17:13 / 15.08.2023
15488
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда қадоқлаш цехи 6 мингта хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг газдан ноқонуний фойдаланиб келгани аниқланди

Тизимга жами 824 миллион сўмдан ортиқ миқдорда зарар етказилган.

Фото: Энергетика вазирлиги ахборот хизмати

Тошкент шаҳар Миробод туманидаги полиз маҳсулотларини қадоқлаш цехида 6 мингдан зиёд хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келингани аниқланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, вазирлик ҳузуридаги «Ўзэнергоинспекция» томонидан Тошкент шаҳар прокуратураси ва «Ҳудудгаз Пойтахт» ГТФ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда туманнинг Олтинкўл маҳалласи, А.Фитрат кўчасида яшовчи фуқаро А.Ф.га тегишли полиз маҳсулотларини қадоқлаш цехида табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келингани маълум бўлган.

Истеъмолчи томонидан газлаштириш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштирмасдан газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб фойдалангани натижасида дастлабки ҳисоб-китобларга асосан тизимга жами 824 миллион 417 минг 510,4 сўм (1 миллион 249 минг 117,44 куб метр) миқдорида зарар етказилган.

Ушбу ҳажмдаги табиий газ бугунги кунда 6 мингдан зиёд хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил қилади. Аниқланган ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид