Ўзбекистон | 16:13 / 16.08.2023
6441
3 дақиқада ўқилади

Омбудсманга 6 ойда 7 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган

2023 йилнинг 6 ойида омбудсман томонидан давлат органлари ва ташкилот мансабдор шахсларига 76 та таъсир чоралари шаклидаги ҳужжат киритилган. Суд жараёнида 30 га яқин фуқаро асоссиз бўшатилгани аниқланиб, 6 та ҳолатда иш берувчи маъмурий жавобгарликка тортилган.

Ўтган 6 ой давомида аҳоли, хорижий давлат фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан Омбудсманга жами 7 минг 107 та мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда АОКАда ўтган брифингда маълум қилинди.

Жами мурожаатларнинг 27,1 фоизи фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига, 28,7 фоизи ижтимоий ҳуқуқларга, 31,4 фоизи иқтисодий ҳуқуқларга, 10,8 фоизи фуқароларнинг мурожаат этиш ва 1,9 фоизи экологик ҳуқуқларга оид. 

Мурожаатларнинг энг кўпи Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент ва Самарқанд вилоятларидан, энг ками эса Сирдарё вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасидан келиб тушган. 

Ҳисобот даврида Омбудсман томонидан давлат органлари ва ташкилотлар мансабдор шахсларига 76 та таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилган. Шундан 12 таси тақдимнома, 6 таси вакил хулосаси ҳамда 58 таси даъво ариза ва аризалардир. Омбудсман матбуот котиби Фотима Мадраҳимовага кўра, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробарга ошган. 

Омбудсман Котибияти ходимлари суд мажлисларида 80 маротабадан ортиқ кузатувчи сифатида иштирок этган. 30 га яқин фуқароларнинг асоссиз ишдан бўшатилгани аниқланиб, уларнинг ишга тикланишига эришилган. 6 та ҳолатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги сабабли иш берувчи раҳбарлар маъмурий жавобгарликка тортилган.

Қайд этилишича, 11 нафар фуқарога 1,5 млрд сўмдан ортиқ компенсация тўловлари ундириб берилган. 21 та ҳолатда фуқароларга жами 212,5 млн сўмга яқин иш ҳақи, алимент ва бошқа тўловлар ундирилган. 2 та ҳолатда фуқароларнинг коммунал тўловлар бўйича 8 млн сўмга яқин нореал қарздорлиги бартараф этилган. 4 нафар фуқарога даволаниш учун 22 млн 620 минг сўм моддий ёрдам ажратилишида амалий кўмак кўрсатилган. 4 нафар фуқарога даволаниши учун Ордер олиб берилган. 1 та ҳолатда МФЙнинг тегишли тавсияномаси билан қонуний имтиёзга эга фуқаронинг ОТМга қабул қилинишига эришилган.

Шунингдек, «Мурувват» ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйида сақланаётган 40 нафар шахсларнинг туғилганлик факти белгиланиб, уларга ID карталар расмийлаштирилгани ҳам маълум қилинди. 4 та ҳолатда ички ишлар органлари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари учун уларга нисбатан хизмат текширувлари тайинланган ва интизомий жазо чоралари қўлланган.

4 та ҳолатда Омбудсман аралашуви билан ички ишлар органлари масъуллари томонидан қабул қилинган қарорларнинг қонунийлиги прокуратура органлари орқали текширилиб бекор қилинган.

Мавзуга оид