Ўзбекистон | 15:33 / 16.08.2023
7752
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда хориждан келтирилган синтетик наркотик моддалар мусодара қилинди

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан хориждан келтирилган 5 кг 690 гр синтетик наркотик моддалар мусодара қилинди.

Видеодан кадр

ДХХ хабарига кўра, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Божхона қўмитаси ходимлари билан ҳамкорликда бир нечта тезкор тадбирлар ўтказилди.

Жумладан, пойтахтнинг Олмазор туманида яшовчи шахс муқаддам наркокурьерлар томонидан Тошкент вилоятининг Тошкент туманидаги хуфиёна жойга қолдириб кетилган 3 кг 906 гр “Мефедрон” синтетик гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида, у ушбу моддани Олмазор туманида истиқомат қилувчи аёлнинг кўрсатмасига асосан олганлигини маълум қилди ва тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур аёл томонидан ижарага олинган хонадон кўздан кечирилди.

Натижада ушбу манзилда наркотик моддаларни кичик бўлакларга бўлиб, интернет орқали сотувга чиқариш учун шароит яратилганлиги аниқланди. Шунингдек, ушбу ноқонуний ишга – аёлнинг опаси ҳам алоқадорлиги аниқланиб, у ҳам қўлга олинди.

Бошқа ҳолатда эса Тошкент вилоятининг Қибрай туманида яшовчи 2 нафар фуқаро муқаддам наркокурьерлар томонидан Тошкент тумани ҳудудидаги хуфиёна жойга яшириб кетилган 927 гр “Метамфетамин” синтетик гиёҳвандлик воситасини олган вақтларида ушланди.

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса Қарши шаҳрида туғилган, Олмазор туманида ижарада яшовчи икки нафар фуқаро учинчи шахслар томонидан яшириб кетилган 857 гр “Альфа-ПВП” синтетик гиёҳвандлик воситасини олган вақтларида ушланди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид