Жаҳон | 21:51 / 17.08.2023
18358
3 дақиқада ўқилади

Гуржистон Россияга хорижда ишлаб чиқарилган автомашиналарни олиб ўтишга тўсиқ қўйди

Гуржистон Россияга Европада ишлаб чиқарилган, двигатели ҳажми 1,9 литрдан юқори бўлган, АҚШда ишлаб чиқарилган ҳар қандай автомобил, шунингдек Арманистон орқали келаётган ҳар қандай транзитга тақиқ қўйди.

Юқори Ларс чегара ўтказиш пункти. Фото: tourister.ru

Агар Гуржистондан Россияга олиб кирилаётган машиналар сони жами импорт қилинаётган машиналарининг атиги 1 фоизини ташкил қилган эса-да, июл ойида Арманистондан транзит қилинган, аввал ҳайдалган машиналарнинг ҳар олтинчиси Россияга ўтказилган. Бу машиналарнинг 2 фоизи янги бўлган.

Дариали пости (Россия томонидан Юқори Ларс номи билан машҳур) орқали энди бундай машиналар авто ташувчи трейлерда ҳам, ўзининг юриши билан ҳам ўта олмайди, деган маҳаллий брокерлар VPost нашрига.

Айни пайтда хориждан аввал ҳайдалган машиналарни олиб кириш, айниқса, юридик шахслар учун кам даромадли ишга айланган, чунки 1 августдан бошлаб Россияда бундай машиналарга утилизация йиғими машина двигатели қувватига кўра 1,7–3,4 баробарга ўсиб, 80 минг рублдан 1,2 млн рублгача етган.

Бироқ жисмоний шахслар машиналарни имтиёзли ставкаларда олиб кириш ҳуқуқини сақлаб қолишаётганди — янги автомобилга 3400 рубл, ҳайдалган авто учун 5200 рубл. Фақат двигател ҳажми 3 литрдан зиёд бўлмаслиги керак ва йилига бир марта бу иш билан шуғулланиш мумкин. Йиғимлар миқдори оширилгунга қадар ҳам Арманистондан автомобиллар асосан жисмоний шахслар томонидан олиб кирилаётганди — ҳужжатларни расмийлаштириш осонроқ ва тўлов камроқ бўлгани учун.

Машиналарнинг бир қисми Арманистондан ҳайдаб олиб кирилган, Гуржистонда трейлерлар ёки юк машиналари кузовига ортилган, бироқ жуда кўп ҳолларда транзит авторақамлари илиниб, ҳайдовчилар ёки харидорлар томонидан ўтказилган. Энди бундай машиналарни ўтказиш тақиқланади.

Импортчилар дарҳол вазиятни баҳолаб, машиналарни Гуржистонни айланиб ўтказа бошлашган. Эрон орқали Каспий бўйига чиқиб, паромда Астраханга, ёки расмийлаштирилган транзит орқали Қозоғистонга етказиб, ўша ерда расмийлаштиришмоқда. Бундай айланиш учун транспорт компаниялари автомобил нархига ўртача 1000 АҚШ доллари қўшишмоқда. Брокерларнинг сўзларига кўра, Гуржистон ва Арманистон орқали кириб келаётган машиналарнинг барчаси 50 минг доллардан арзон машиналар, уларнинг катта қисми ҳаттоки 20 минг доллардан арзон. Шу сабабли, машиналар нархи 5 фоизга кўтарилмоқда. Ўзи учун авто харид қилган ёки хусусий буюртма учун авто етказиб берувчилар осонроқ ва тезроқ схемаларни ахтариш билан банд.

Бунгача энг арзон йўли — машинани Арманистонда маҳаллий фуқаро номига ҳисобга қўйиш, арман авторақамлари ёрдамида машинани Россияга олиб ўтиш, сўнг Россиядан туриб онлайн ҳисобдан чиқариш ва машинани россиялик харидорга сотиш бўлган. Бироқ муаммо чиққан: Агар Россияга Арманистон фуқароси ўз номидаги машинани ҳайдаб ўтса, Юқори Ларсда россиялик божхоначилар машинага олиб кириш учун ҳеч қандай божхона ҳужжати расмийлаштиришмаган. Бунинг оқибатида автомобил Россияга импорт қилинган ҳисобланмаган, унга утилизация йиғими тўлашга ҳам асос бўлмаган. Утилизация йиғимисиз машинани Россияда ҳисобга қўйиб бўлмайди.

Бу шароитларда Гуржистонда Арманистондан Россияга 800–1000 доллар эвазига транзит схемаси орқали ўтказиб берувчи воситачилар пайдо бўлган эди.

Мавзуга оид