Ўзбекистон | 21:19 / 18.08.2023
7101
2 дақиқада ўқилади

Табиий ва сунъий сув ҳавзалари балиқчилик учун аукцион орқали ижарага берилади

Шунингдек, балиқчилик лойиҳаларини амалга ошириш учун гаровсиз кредит берилади.

Фото: Zuma / TASS

«Балиқчилик хўжалиги эҳтиёжлари учун сув ҳавзаларидан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш ҳамда балиқ овлаш ва сув бўйи туризми масканларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2023 йил 1 октябрдан қуйидагилар тадбиркорларга E-auksion электрон савдо платформасида онлайн аукцион орқали ижарага берилади:

- давлатга тегишли табиий ва сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари) – балиқни саноат усулида етиштириш, овлаш ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мақсадлар учун;

- табиий ва сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари) ҳамда дарё атрофидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари – сув бўйида пляж зоналарини ташкил этиш, спорт-ишқибозлик туридаги балиқ овлаш, балиқ ови, қайиқда сузиш ва сув саёҳати бўйича хизматлар кўрсатиш, балиқ маҳсулотлари, шу жумладан балиқ таомлари савдоси, умумий овқатланиш ва бошқа туризм хизматларини ташкил этиш ҳамда ушбу мақсадларда енгил конструкцияли қурилмаларни (ўтов лагерлари мажмуаси, контейнерларни) жойлаштириш учун. 

Қарорга кўра, 2024 йилда республикада:

- 900 минг тонна балиқ етиштириш;

- 35,2 минг гектар сунъий сув ҳавзаларини интенсивлаштириб, 513,6 минг тонна балиқ етиштириш;

- 9 мингта хонадонда интенсив усулда балиқ етиштиришни йўлга қўйиш назарда тутилган. 

2024 йил 1 январдан «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида аҳоли ва тадбиркорларга балиқчилик лойиҳаларини амалга ошириш учун 50 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид