Жаҳон | 19:41 / 22.08.2023
21980
3 дақиқада ўқилади

Манба: Суровикин Россия ҳаво космик кучлари қўмондонлигидан бўшатилди

Бу маълумот ҳозирча расман тасдиқланмаган.

Россия армиясидаги энг юқори мартабали мулозимлардан бири, Евгений Пригожиннинг июн ойидаги исёнидан кейин кўриниш бермаётган армия генерали Сергей Суровикин Россия ҳаво космик кучлари қўмондони лавозимидан озод этилган. Бу ҳақда «Эхо Москва» собиқ бош муҳаррири Алексей Венедиктов ўз Telegram-каналида ёзди.

«Суровикин Ҳаво космик кучлари қўмондони лавозимидан бўшатилиб, мудофаа вазирлиги тасарруфида қолдирилсин (фармон)», деб ёзди Венедиктов ўз каналида.

Бу постдан бир неча дақиқа ўтиб унинг каналида яна бир пост пайдо бўлди: «Эртага Суровикиннинг онаси туғилган кун. Ҳеч бўлмаса қўнғироқ қилиш имконини беришармикин?» деб ёзди журналист.

Фармон матни расман эълон қилинмади. РФ мудофаа вазирлиги ҳам бу хабарни тасдиқламаган.

Журналист Ксения Собчак эса, ундаги маълумотларга кўра, Суровикин ёпиқ фармон билан 18 август куниёқ ишдан олингани ҳақида ёзди.

Россияда армия генерали унвонига эга кам сонли генераллардан бири Сергей Суровикин 23 июн куни Евгений Пригожин бошчилигидаги вагнерчилар исёнидан буён кўриниш бермаяпти. Исён бошланганда Россия олий ҳарбий раҳбарияти орасида фақат Суровикин вагнерчиларни тўхташга чақириб мурожаат қилиб чиққанди. Ғарб нашрларида эса Суровикин исён ҳақида олдиндан билгани ва унга хайрихоҳ бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Пригожин исёни вақтида айнан Суровикин бошқарувидаги ҳаво космик кучлари вагнерчиларга қаршилик қилиш учун чиққан ва бир неча вертолёт уриб туширилганди. Исён бошлангач, Пригожин устидан жиноий иш очилди, лекин исёнчилар Москва яқинида тўхтаб, ортга қайтиб кетгач, унга қарши очилган иш тугатилиб, унга Беларусга кетиш имкони берилди.

АҚШнинг WSJ нашри исёндан кейин Суровикиндан ташқари яна ўндан ортиқ юқори мартабали ҳарбий мулозимлар ишдан кетгани ҳақида ёзган. Генералнинг қизи эса отаси иш жойида эканини айтди. Исён кунидаги вагнерчиларга мурожаатидан кейин Суровикин ҳеч қаерда, ҳатто мудофаа вазирлиги учрашувларида ҳам кўриниш бергани йўқ.

Суровикин РФ ҳаво-космик кучларига 2017 йил 31 октябридан буён раҳбар эди. У Россиянинг Суриядаги ҳарбий амалиётларига раҳбарлик қилган ва генерал Армагеддон лақабини олган.

2022 йил октябридан 2023 йил январ ойига қадар у Россиянинг Украинадаги қўшинлари гуруҳига қўмондонлик қилган, айнан унинг қарори билан Россия қўшини Днипронинг ўнг соҳилидан, жумладан Херсон шаҳридан олиб чиқилганди. У 2023 йил 11 январ кунида Украинадаги гуруҳнинг янги қўмондони Валерий Герасимовга ўринбосар бўлганди.

Мавзуга оид